Мустақиллик байрами муносабати билан "Ўзбеккино" 10 дан ортиқ фильмлар телепремьерасини тақдим этади

26.08.2020 15:24

ТОШКЕНТ, 26 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги юртдошларимизга байрам туҳфаси сифатида 10 дан ортиқ бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларнинг миллий телевизион намойишини тақдим этади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мустақиллик байрами кунлари “Тенгиз”, "Авлоний" бадиий фильмлари, “Қўқон шамоли” кўп қисмли фильми, “Халқ юраги”, “Бастакор”, “Сузук ота”, “Санъатдаги Санъат”, “Фильм чизаётган мусаввир”, “Гумбаз остидаги мўъжизалар”, "Орол – дардим менинг" ҳужжатли фильмлари, “Автосаргузаштлар”, “Самарқанд нони”, “Зағча”, “Қалдирғоч билан майна”, “Чархпалак-3” ва “Чархпалак-4” мультфильмларининг миллий телепремьераси бўлиб ўтади. Шунингдек, 9 май куни телепремьераси бўлиб ўтган “?лҳақ” бадиий фильми ва июнь ойида премьера қилинган “Сабру садоқат” сериали ҳам яна бир бор телевидение орқали намойиш этилади.

Мансур Абдухолиқовнинг "Тенгиз" бадиий фильми ҳозирда қорақалпоқ тилига ҳам дубляж қилинмоқда. Тез кунларда ушбу фильмнинг Қорақалпоғистонда ҳам катта премьераси бўлиб ўтиши кутилмоқда.  Яна бир фильм Дилмурод Масаидовнинг "Қўқон шамоли" киноасари бўлиб, унинг тақдимоти 2019 йилда бўлиб ўтган эди. Эндиликда "Қўқон шамоли" фильми асосида  томошабинлар эътиборига 5 қисмли сериал тақдим этилади. Катта намойиши кутилаётган фильмлардан яна бири "Халқ юраги" ҳужжатли фильми ёш режиссёр Шоҳрух Расулов томонидан суратга олинган. Ҳужжатли фильмда Тошкентдаги Адиблар хиёбони ва у ерда ҳайкаллари ўрнатилган шоир ва ёзувчилар ҳақида ҳикоя қилинади. 2019 йил премьераси ўтказилган "Авлоний" фильми ҳам юқоридаги рўйхатдан ўрин олган. Фильм Тоҳир Маликнинг “Қалдирғоч” асари асосида суратга олинган. Сценарий таниқли адиб Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмоновалар қаламига мансуб. Фильм режиссёри Музаффар Эркинов.

Байрам туҳфаси сифатида тақдим этилаётган фильмларнинг телевизион премьералари 29 август – 5 сентябрь кунлари мамлакатимизнинг давлат ва нодавлат телеканалларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net