Москвада «Дўппи» шарқ бозори» — ҳунармандлар фестивали бошланди

16.02.2020 10:40

ТОШКЕНТ, 16 февраль. /«Дунё» АА/. Москвадаги «Тишинка» савдо мажмуасида «Дўппи» шарқ бозори» номли маданият фестивали  бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди, «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси манбасига таяниб.

Мазкур фестиваль бу йил Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Татаристон, Озарбайжон ва Доғистондан келган ҳақиқий истеъдод эгалари — уста-ҳунармандларни бир жойга тўплади.

«Дўппи» халқ амалий санъати фестивали турли халқлар маданий меросини намоён этувчи лойиҳа бўлиб, бунда иштирокчилар ўз халқи тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилиб, маҳоратларини намойиш этишади.

Эътиборлиси, москваликлар ва шаҳар меҳмонлари Шарқ халқларига хос ажойиб санъат намуналарини акс эттирган ушбу анжуманга катта қизиқиш билдирмоқда. Бухоро гиламлари, Риштон ва Ғиждувон кулолчилиги, Чуст пичоқлари, Шаҳрисабз каштачилиги ва бошқа кўплаб ўзбек халқ санъати маҳсулотларининг рангин жилоси, бетакрор безаги харидорларни ром этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасига ажратилган майдонда намойишга қўйилган ўзига хос миллий кийимлар, қадимий қорақалпоқ санъати намуналари алоҳида жозибаси билан ажралиб турибди. Кўргазмага ташриф буюрган бошқирдистонлик блогер Гулноз Курамшина ўз обуначиларига жонли эфирда қорақалпоқ миллий камзулларини намойиш этди.

Тадбир дастури ранг-баранг ва жуда бой бўлиб, бу ерда илк бор Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан 700 килограммлик лағмон тайёрланади. Машҳур ўзбек ошпази Ҳаким Ғаниев бошчилигидаги ўн нафар тажрибали ошпазлар улкан лағмон пишириб, Россия рекордини ўрнатиш ниятида.

Тадбир якунида Ўзбекистонга саёҳат имконини берувчи 2 та йўлланма эгаси аниқланади.

 

Сурат: Жахонгир Азимов

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net