Малайзиядан муносабат: Малайзияда ўзбек тилини ўрганишни истайдиган ёшлар жуда кўп

19.10.2021 11:38

КУАЛА-ЛУМПУР, 19 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Малайзияда таълим олаётган ватандошларимиз иштирокида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Малайзиянинг Лимкоквинг университети, Сеги университети, Сайбержая университети, Халқаро ислом университети, Осиё-Тинч океани технологиялар ва инновация университетиМиллий энергетика университети  ва бошқа олий ўқув юртларида таълим олаётган талабалар иштирок этди.

Суҳбат давомида 2020 йил 10 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонуни билан  21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани, мазкур сана жорий йилда иккинчи марта нишонланаётгани таъкидланди. 

?штирокчиларга ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашадиганлар сони 50 миллиондан ошиқ экани ва 65 та хорижий олий таълим муассасасида ўзбек тили ўқитилаётгани ҳақидаги маълумотлар тақдим қилинди.  Мамлакатимиз ҳукумати томонидан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳамда тилимизни чет элда кенг тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар қайд этилди.

Маърузачилар мамлакатимизда янги Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тантанали маросим доирасида ўзбек адабиётининг дурдона асарларидан намуналар, шеърлар ва ҳикоялар ўқиб берилди ҳамда «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби тақдимоти ўтказилди. Ушбу луғат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир гуруҳ олимлари томонидан тайёрлангани ва мазкур луғатни яратиш бўйича олиб борилган изланишлар хусусида маълумот берилди.

Шу билан бирга, Малайзия ҳудудида таълим олаётган ёш ватандошларимизнинг ўзбек тили ва адабиётини ўрганиши учун элчихонада ва Малайзия Миллий кутубхонасида ўзбек маданияти ва адабиёти бурчаги ташкил этилгани маълум қилинди.

Тадбир якунида Малайзия аҳолиси орасида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, ушбу тилни ўргатиш бўйича курсларни ташкил этиш ҳамда «Ўзбек тили дўстлари» клубини очиш имкониятини ўрганиб чиқишга келишиб олинди.

Фарҳод Охунжонов, Малайзия миллий энергетика университети (UNITEN) талабаси:

 - Ҳар бир давлатнинг равнақ топишида миллат ва халқ қадриятлари тимсоли бўлган она тили муҳим ўрин тутади. Она тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеи йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Буни дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шу жумладан Малайзияда ҳам ҳис қилиш мумкин. Бугунги тадбирда ўзбек тилиниинг мавқеини янада ошириш бўйича вазифаларни келишиб олдик.

Таъкидлаш керакки, Малайзия аҳолиси, айниқса ёшлари ўртасида ўзбек тилини ўрганувчилар жуда кўп. Аммо ўзбек тилини ўргатадиган курсларни топиш имконияти жуда паст.  Шу сабабли элчихонада ва Малайзия Миллий кутубхонасида ташкил этилган бурчаклар билан бирга ўзбек тилини ўргатиш курсларини ҳам кўпайтириш керак. Бундан ташқари, бугун тақдимот қилинган беш жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» ёрдамида она тилимиз ҳақидаги билимимизни янада бойитишга ишончим комил. Барча юртдошларимиз ва ўзбек тили дўстларини Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этаман.

Фотима  Хўжаева, Лимкоквинг университети талабаси:

- Бугун элчихонада Малайзияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида ташкил этилган Ўзбек тили байрами куни тадбирида иштирок этганимдан бахтиёрман. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги мавқеини юксалтириш учун бизлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан табриклайман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net