Кўпмиллатли Ўзбекистонда Халқаро бағрикенглик куни кенг нишонланади

05.11.2021 17:24

ТОШКЕНТ, 5 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг жорий йилдаги фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

 Унда вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, миллий маданий марказларнинг фаоллари, дўстлик жамиятлари ижрочи директорлари, диний конфессиялар вакиллари ва журналистлар қатнашди.

        Марказ фойесида тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз миллий маданий марказларнинг миллий ҳунармандчилик асарларидан ташкил топган кўргазмалари анжуман қатнашчилари диққатига ҳавола этилди.

        Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев қўмита томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар юзасидан ахборот берди. Жумладан жорий йил январь-сентябрь ойларида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 4,5 мингга яқин тадбир ўтказилган. Булар турли мавзудаги конференциялар, давра суҳбатлари, маданий-маърифий тадбирлар, дўстлик фестиваллари бўлиб, уларда турли миллат вакилларидан иборат 1 миллиондан ортиқ ватандош иштирок этди. Бу тадбирларда миллий маданий марказлар ўзларининг маданиятлари, урф-одатлари, қадриятлари, ҳунармандчилик кўргазмаларини намойиш қилди. У шунингдек, миллий маданий марказларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган моддий ва маънавий кўмак хусусида гапириб, қўмитанинг келгуси режалари ҳақида маълумот берди.

        Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов юртимизда қозоқ миллати вакиллари мисолида ўзларининг урф-одатлари, анъана ва қадриятларини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар хусусида сўз юритди.

        - Албатта, биз ҳар бир ишимизни қўмита билан ҳамкорликда олиб борамиз. Республика тожик миллий маданий маркази фаоллари ўтган ойлар давомида кўплаб тадбирларда иштирок этди. Булар республика миқёсида ўтказилган 3 авлод учрашувлари, дўстлик фестивалларидир. Энг қувонарлиси, бу учрашувларга биз кўплаб ёшларни жалб қилишга эришдик. Ёшларимиз бундай учрашув ва тадбирларда юртимизда барча миллат вакилларига ўзларининг маданияти, урф-одатлари, қадриятларини сақлаб ривожлантиришга яратилган имконият ва шароитларни кўриб бундан тегишли хулосалар қилди, - деди Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субхонова.  

        Дарҳақиқат, ўтказилаётган тадбирлар аҳолини, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга фаол жалб этишга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net