ТОШКЕНТ, 27 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» номли 100 жилдлик мажмуанинг навбатдаги 16-17-18-жилдлари нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Фанлар академияси маълумотига кўра, ҳозирги кунда 19-20 жилдлар нашрдан чиқиш арафасида.
Ушбу нашрнинг 59 жилди достонлар, 10 жилди халқ қўшиқлари, 12 жилди эртаклар, қолган жилдлар эса терма, афсона, ривоят, нақл, мақол, топишмоқ, аския, лоф, латифа, оғзаки драма, болалар фольклори ва бошқа жанрларни ўз ичига олади.
Ўзбек фольклоршунослиги тарихида илк бор нашрга тайёрланаётган ушбу 100 жилдлик нашр кенг китобхонлар оммасига манзур бўлади. Ва яна минг асрлар давомида келажак авлод тарихий қадриятларимиз, ўлмас маънавиятимиз ҳақида тўла тасаввур ва билимга эга бўлишига муҳим манба бўлиб хизмат қилади.