III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси олдидан матбуот анжумани ўтказилди

05.11.2021 17:23

ТОШКЕНТ, 5 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» номли III Тошкент халқаро амалий санъат биенналесига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур биеннале жорий йил 8-13 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилади.

Ташкилотчилар анжуман давомида Ўзбекистон Президентининг 2017 йилдаги  «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Халқаро амалий санъат биенналесини ўтказиш вазифалари белгиланганини билдирди.  

2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»  давлат дастури вазифалари ижроси доирасида ташкил этилаётган III Тошкент халқаро амалий санъат биенналесида нафақат юртимиз, балки хорижлик амалий санъат усталарининг ижодий ишлари намойиш этилиши  режалаштирилмоқда.

Бир ҳафта давом этадиган Халқаро биеннале дастуридан замонавий ўзбек ва хориж безак санъати, миллий кулолчилик, ҳаттотлик ва миниатюра асарлари кўргазмалари, маҳорат дарслари, миллий ва замонавий либослар намойиши, ижодий учрашувлар ҳамда конференциялар ўрин олган.

III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси тадбирлари  Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали, ?куо Хираяма халқаро маданият карвонсаройи, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ташкил этилади.

 Таъкидлаш керакки, миллий амалий санъатимизнинг гўзал ва бетакрор намуналарини дунёга кенг намойиш қилиш, салоҳиятли ижодкорларни кашф этиш, шу билан бирга хорижий мамлакатларнинг амалий санъатидан ҳам баҳраманд бўлиш, халқлар ўртасида ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи мазкур биеннале юртимиз маданий ва маънавий ҳаётида яна бир  йирик маданий тадбир бўлиши кутилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net