Германия нашри: Ўзбекистон ипаги немис мода оламига янги ҳаёт бахш этди

29.04.2020 14:15

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Rhein-Neckar-Zeitung” газетасида ўзбек ипаги, ундан тайёрланган атлас ва адрас матолари ҳақида мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола ўзбек ипагидан либослар тикиш ва коллекциялар ўтказишга ихтисослашган  Майнхайм шаҳридаги “Belle Ikat” мода ва дизайнерлик уйи фаолиятига бағишланган.

“Belle Ikat” билан бирга ранглар жилосида” (Farbenfroh bei Belle Ikat) сарлавҳаси остида эълон қилинган материалда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, ажойиб рангларни ўзида мужассам этган ипак, пахта ва зиғир толалари уйғунлигида тўқилган матолар немис мода оламига янгича ҳаёт бахш этаётгани таъкидланган.

“Табиий ипакдан тикилган, қулай ва турли ранглар жилосига бурканган камзул куннинг иссиғида танга роҳат бағишлайди. Янги фасл коллекцияси Ўзбекистондаги қадимий, кўк-яшил рангларга безанган сирли шаҳар Самарқанд номи билан аталган. Германиялик дизайнер учун маҳаллий тўқувчиларнинг миллий санъатини қўллаб-қувватлаш баробарида матолардаги ранг ва нақшлар уйғунлигини сақлаб қолиш ҳам муҳимдир”, деб ёзади муаллиф.

Швейцариянинг “Fashion United” онлайн-портали эса ўзбек ипакчилик фабрикасидан олинган рангли расмлар билан безатилган “Belle Ikat” – қўлда тўқилган ипакдан кийимлар – ёз 2020” мақоласида немис дизайнерлик уйи ўз коллекцияларида фақатгина Ўзбекистонда тайёрланадиган ноёб ипак матолардан фойдаланишини, шунингдек, ҳар бир тикилаётган кийим такрорланмас санъат асари эканини қайд этади.

“Ҳар бир мато бўлаги қадимги анъаналар асосида тўқилган, ундаги нақшлар табиатдан олинган ва тарихий воқеаларни жонлантираётгандек таассурот қолдиради. Тўқув дастгоҳлари эса авлоддан-авлодга ўтиб, ипакчилар сулолаларини шакллантирган”, деб ёзади онлайн-портал.

Шунингдек, порталда жойлаштирилган материалда “Belle Ikat” нинг “Самарқанд” номли янги коллекциясига алоҳида тўхталиб, ундаги ипак матолардан тайёрланган кийимлар мавсумий тенденциялар билан боғлиқ эмаслиги, доимий фойдаланишга мўлжалланганини ёзади.

“Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги кичик фабрикаларида қўлда тўқилган ипак матоларнинг тайёрланишида ўзига хос жиҳатлар бор. Уларда фақатгина табиий хомашёдан фойдаланилади”, дейилади материалда.

?нглиз тилида чоп этиладиган ва мода олами янгиликларига ихтисослашган машҳур “Меss Magazine” журнали ҳам ушбу мавзуда “Аёллардан, аёллар учун: “Belle Ikat” (Made by women, for women: Belle Ikat) сарлавҳали мақола нашр этди.

Мазкур журналда эълон қилинган материалда муштарийларга “Belle Ikat”  дизайнерлик уйи фаолияти, унда ўзбек ипагининг ўрни, “Самарқанд” коллекцияси ҳамда халқимиз маданияти, ранг-баранг урф-одатлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилган.

“Нозик дид билан тайёрланган ҳар бир буюм учун матонинг тўқилиши-ю, бўялишидан тортиб улардаги нақшларни ўзаро уйғунлаштириш катта маҳорат талаб этади.  Қўл меҳнати натижасида тайёрланган ипакдан “Belle Ikat” томонидан тайёрланган кўйлак ёки камзулни сотиб олган харидорлар  Ўзбекистон нафасини ҳам ўзларида ҳис этади”, дейилади нашрда.

Таъкидлаш керак, Германиянинг “Belle Ikat” мода ва дизайнерлик уйи 2018 йилдан буён Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ипак матолар асосида коллекциялар яратиш билан шуғулланади. Немис дизайнерлик уйи ўзбекона адрас, атлас ва бошқа ипак-матолардан тайёрланган маҳсулотларни Европа бозорига кенг тарғиб қилиш бўйича қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net