Ганди уй-музейида Ўзбекистонга бағишланган кўргазма очилди

22.02.2020 12:08

ДЕҲЛ?, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Элчихонаси ва Деҳли шаҳрида жойлашган Маҳатма Ганди уй-музейи (Ганди Смрити) маъмурияти томонидан ўзбек-ҳинд маданий алоқаларига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. 

Тадбирда Ҳиндистон-Ўзбекистон Дўстлик жамияти аъзолари, етакчи олимлар, талабалар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

?штирокчилар икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий алоқалар, ҳамкорликнинг бугунги кундаги устивор йўналишлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Ўзбекистоннинг маданият, туризм салоҳиятига бағишланган видеороликлар, рангбаранг журналлар музейга ташриф буюрган сайёҳлар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбир меҳмонлари Ганди Смрити музейи залларидан бирига ўрнатилган мамлакатимиз тарихий шаҳарлари маданий мероси ҳақида сўз юритувчи китоблар кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу китоблар мажмуаси марказидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2018 йили ўзбек тилида чоп этилган Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” китобининг жой олганлиги ҳар бир ташриф буюрувчининг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.

Ганди уй-музейига ташриф буюрувчилар икки ҳафта давомида Ўзбекистонга бағишланган махсус кўргазмани кўриш имконига эга бўлади.

Маданий тадбир давомида Хоразм вилоятидан ташриф буюрган санъат усталари томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади.

Ведабяс Кунду “Ганди Смрити” музейи директори ўринбосари:

“Ҳинд халқининг буюк фарзанди, мамлакат озодлиги ва истиқлолининг асосчиси бўлган Маҳатма Гандининг 150 йиллик юбилейи доирасида музейимизда туркум тадбирлар ташкил этилмоқда. Бугунги ташкил этилган тадбирда ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги тарихий-маданий муштаракликни ҳис қилдик. Ўз навбатида Маҳатма Ганди таълимоти, ушбу буюк мутафаккир томонидан илгари сурилган ғоялар ҳар икки мамлакатлар халқлари учун бирдек қадрлидир.

Бугун бизнинг музейимизда Ўзбекистон тарихий шаҳарлари маданий меросига бағишланган китоблар кўргазмаси очилганлигидан мамнунмиз. Ушбу кўргазма икки ҳафта давомида музейга бутун дунёдан ташриф буюрган сайёҳларга мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий-маданий яқинликни намойиш этади.

Фурсатдан фойдаланиб, Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” номли китобини ўзбек тилида нашр этиш ва Ўзбекистонда буюк мутафаккирнинг 150-йиллигига аталган махсус почта маркаси чиқариб унинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилаётгани учун музейимиз жамоаси номидан Ўзбекистон хукуматига самимий миннатдорчилик билдираман”.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net