“Frankfurter Allgemeine Zeitung” нашри Германия жамоатчилигини Абдулла Қодирий ва «Ўткан кунлар» романи билан таништирмоқда

27.04.2020 18:08

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаси, ўзбек романчилик мактаби асосчиси Абдулла Қодирий ижоди халқаро миқёсда кенг ўрганилмоқда. Хусусан, ижодкор асарлари шу кунга қадар ўнлаб тилларга таржима қилинган ва улар халқаро эътирофга сазовор бўлган. 

Ўзбек адабиёти дарғаси, буюк ёзувчи, миллатпарвар Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги Германияда кенг нишонланиб, унинг асарлари немис адабиётшунос олимлари томонидан ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Жумладан, “Frankfurter Allgemeine Zeitung” газетасида Абдулла Қодирий ва унинг ўзбек адабий меросига қўшган ҳиссасига бағишланган мақола нашр қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Немис журналисти Тильман Шпреккельсеннинг “Ўзбекистоннинг классик романнависи: келинчак онангни қидирмоқда, йигитча!” (Usbekistans Romanklassiker: eine Braut sucht dir deine Mutter, Junge!) сарлавҳаси остида чоп этилган мақоласи адибнинг машҳур “Ўткан кунлар” романига бағишланган бўлиб, унда ўзбек адабиёти дурдонаси бўлган ушбу асар мазмун-моҳияти немис жамоатчилигига очиб берилади.

Материалда ўзбек романчилик мактабининг илк самараси саналган мазкур асар XX аср ўзбек адабиётининг чинакам дурдонаси, дея эътироф этилган. Салкам бир аср аввал ёзилган роман ҳали-ҳамон ўзбек адабиётининг энг кўп ўқиладиган асарлари сирасига кириши таъкидланган.

“Булоқ бошида йигит ва ёшгина қизнинг қисқа учрашуви, қиз юзидаги паранжи чимматининг бир кўтарилиб, унинг ортидан нозанин чеҳранинг жилмайиши, натижада икки қалбда муҳаббатнинг пайдо бўлиши билан бошланувчи воқеалар ривожи ўқувчини 350 варақли “Ўткан кунлар” романи мутолаасига чорлайди”, – дейди муаллиф.

Т.Шпреккельсен мақола аввалида Абдулла Қодирий ҳаёти ҳақида ёзади. Шу ўринда таъкидлаш керак, журналист мазкур материални ёзишга катта куч ва билим сарфлаган. У Абдулла Қодирийнинг ижодидан тортиб, унинг умр йўлларини диққат билан татбиқ этган. Ўзбек ва жаҳон халқлари адабиётида муҳим ўрин тутган ёзувчининг нега собиқ иттифоқ диктатураси қурбонига айланишига жавоб излаган.

“Тошкентлик деҳқон ўғли (А.Қодирий ўзига шундай таъриф беради), “Муштум” журнали асосчиси А.Қодирий ўтган асрнинг 30-йилларида Сталин қатағонига учраган. У 1938 йил октябрда қатл этилган”, - деб ёзади у.

Албатта, мақоланинг катта қисми “Ўткан кунлар” романига бағишланган. Муаллиф асар қурилишини имкон қадар таҳлил қилишга уринади. Воқеалар ривожи, ундаги қаҳрамонлар ва тарихий воқеаларга баҳо беради.

“Сюжет, асарда айтилганидек, ҳижрий 1264 йилда, далв ойининг 17 кунида, яъни адиб туғилишидан анча аввал, мелодий 1847 йилда Тошкент ва Марғилон шаҳарларида, ҳозирги Ўзбекистон Шарқидаги Фарғона водийси ўрнида бўлган Қўқон хонлиги даврида бўлиб ўтган”, - дея қайд этади журналист.

Мақолада асарнинг гўзал манзаралари, Отабек ва Кумуш севгиси, улар изтироби, фожиаси, икки ёшнинг ота-оналар орзу-ҳаваси қурбонига айланиши немис газетхони учун тушунарли тилда тасвирланган.

“Роман ундаги баъзи кучли эҳтирослар, мотивациялар билан бирга, жуда оддий ва тушунарли тилда баён қилинган. Аввал бошдан оддийгина ошиқлар сифатида тасвирланган икки ёш бир-бирига содиқлиги ва оилавий вазиятнинг чигаллашуви билан асарнинг мустақил қаҳрамонларига айланиши адибнинг юксак маҳоратидан далолатдир”, – дейди муаллиф.

Шунингдек, журналист мақолада “Ўткан кунлар” романида ватанпарварлик, олижаноблик, вафо ва хиёнат билан бир қаторда, ўзаро ички урушлар гирдобида қолган Туркистоннинг чор Россияси томонидан ишғол этилиши бош мавзуга айланганига алоҳида эътибор қаратган.

“Романнинг бебаҳо қиймати шундаки, унда ўзбек халқининг ўша давр урф-одатлари, оила тутиш тартибидан тортиб, кундалик турмуш тарзигача бўлган барча жараён акс эттирилган. Адиб Ғарб сайёҳларини ўзига ром этиб келаётган ўзгача оламнинг ўзига хос томонларини дунё адабиёт ихлосмандларига намойиш қила олган”, – дея хулоса ясайди Т.Шпреккельсен.

Шунингдек, мақолада жорий йилда Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланганига эътибор қаратилган. Ушбу тадбирлар доирасида адиб яшаган ҳовли қайта таъмирланиб, уй-музейга айлантирилгани, пойтахтда адиб номидаги боғ, ижод мактаби ташкил этилгани таъкидланади.

Ўзбек халқининг миллатпарвар вакилларидан бири Абдулла Қодирий ва унинг миллий маънавий бойлигимиз саналган “Ўткан кунлар” романи немис жамоатчилиги ва адабиёт ихлосмандлари орасида ҳам ўз мухлисларига эга бўлиб бораётгани диққатга сазовор.

Мазкур мақоланинг немис муштарийлари эътиборига ҳавола этилиши уларни ўзбек халқининг маънавий олами, юксак бадиий тафаккури ва умрбоқий қадрият ҳамда анъаналарига ошно тутинишига имкон яратди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net