Франкфурт-Майндаги Ўзбек тили ва адабиёти курсларида навоийхонлик кечаси ўтказилди

03.02.2020 14:41

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 3 февраль, /«Дунё» АА/. Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси ва «Ҳумо» Германия-Ўзбекистон маданий жамияти ҳамкорлигида Ўзбек тили ва маданияти курслари йўлга қўйилган. 

Навбатдаги тадбир ўзбек адабий тили асосчиси, мутафаккир шоир ва давлат арбоби, жаҳон адабиёти ва маънавиятининг буюк сиймоларидан бири Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда  Германиянинг Ҳессен, Райланд-Пфальц ва Бавария федерал ўлкаларида яшовчи ватандошларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари ва журналистлар қатнашди.

Анжуманда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, унинг мумтоз асарлари ҳақида маълумот берилди. Буюк бобокалонимиз адабий меъросидан наъмуналар ўқилди. Шунингдек, ўқув курси иштирокчилари ўртасида навоийхонлик кечаси ташкил этилди. 

Ўқув курсларида «Арабески» мусиқий гуруҳи солисти, отаси асли ўзбекистонлик бўлган Михаэла Роуз ҳам ўзбек тилини ўрганмоқда. 

- Томирларимда оқаётган ўзбек қони мени Ўзбекистон, унинг маданияти ва урф-одатлари билан чамбарсчас боғлаб туради, - деди М.Роуз. - Бундан бир неча йил олдин отамнинг асли ўзбекистонлик эканини билганимдан кейин менда мамлакатга бориш, қариндошларим билан кўришиш орзуси пойда бўлди. Ҳозирги кунда она тилим – ўзбек тилини ўрганиш, ўзбекларнинг яшаш тарзи, миллий анъаналарини ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Бугунги дарслардан сўнг Алишер Навоий ижодига бўлган меҳрим янада ошди. Уларни чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиламан.

Тадбир якунида фаол иштирокчиларга қимматбаҳо совғалар,  ўқув дарсликлари, шунингдек, мамлакатимиз туризм салоҳиятини намойиш этувчи брошюра ва ахборот материаллари тарқатилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net