Дўст билан обод уйинг

14.03.2020 10:31

ТОШКЕНТ, 14 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика тожик миллий маданий маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг зуллисонайн шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Республика Тожик миллий маданий маркази раиси Жаъфар Муҳаммад Термизий таржимасидаги туркум шеърларини ўз ичига олган ва илк маротаба тожик тилида китоб шаклида нашр этилган “Дўст билан обод уйинг” – “Хонаат бо дўст обод” китоби тақдимотига бағишланган маданий-маърифий анжуман ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири қўмита матбуот хизматига таяниб.

Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев ўзбек ва тожик халқларининг бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган азалий дўстлик ва биродарлигини тараннум этувчи бундай тадбирлар Республика тожик миллий-маданий маркази томонидан кўплаб ўтказилаётгани қувонарли ҳол эканини қайд этди.

Китоб таржимони Жаъфар Муҳаммад Термизий Эркин Воҳидов шеърияти инсоннинг инжа туйғулари ва фалсафий мушоҳадаларини ўзида акс эттиргани боис халқ уни жуда қадрлаши, бу бой меросдан албатта, тожик китобхони ҳам бебаҳра қолмаслиги кераклиги ҳақида сўз юритди.

Тожик ва ўзбек халқаларининг тарихи минг йилликларга бориб тақалади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам Турсунов. - Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Мирзо Турсунзода ва Эркин Воҳидов инсонда эт ва тирноқ қанчалар яқин бўлса шунчалар яқин бўлган. Бу китоб Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг 30 га яқин шеъри таржимасини ўз ичига олган. Ушбу манба ўзбек ва тожик халқалари ўртасидаги маънавий муносабатларнинг янада яқинлашувига туртки беради. Шу боис бу китобни мамлакатимиздаги тожик тилига ихтисослашган мактабларга тарқатдик. У шеърият ихлосмандларининг нафақат жавонидан, балки, қалб тўридан жой олади, деган умиддамиз.

Анжуманда, шунингдек, Тожикистон Республикаси элчихонаси вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, талаба ёшлар ва ОАВ ходимлари қатнашди.

– Тадбир давомида мен ушбу китобда киритилган шеърлардан ўқишга улгурдим, - дейди Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ ?момий. - Шуни айтишим мумкинки, унда ажойиб, бетакрор шеърлар ўрин олган, кўплаб мисралар ўзбек ва тожик халқларининг дўстлигига бағишланган. Эркин Воҳидов бу дўстликни бутун умри давомида ҳис қилган. У тожик адабиётининг мумтоз намуналарини ўзбек тилига таржима қилган. ?шончим комилки, ушбу китоб нафақат Ўзбекистондаги тожиклар орасида, балки Тожикистон халқи орасида ҳам яхши ном қозонади. Фикримча, шеъриятга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон орасида ушбу китоб самимий эътирофларга сазовор бўлади.

Адабиётшунос олим, “Нақшбандия” журналининг Бош муҳаррири Султонмурод Олим, шоир ва адабиётшунос Абдуқаюм Ҳасанзода ва бошқалар китоб таржимаси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Тадбир доирасида иштирокчиларга хуш кайфият улашувчи жозибадор куй ва қўшиқлар ҳавола этилди. Айниқса, Эркин Воҳидов шеърларини Республика тожик миллий маданий маркази вакиллари томонидан тожик тилида куйга солиб, ижро этилгани барчага манзур бўлди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net