Берлин кинофестивалида халқаро Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди

27.02.2020 12:01

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /«Дунё»АА/. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги вакиллари Германиянинг машҳур “Berlinale” кинофестивалида иштирок этяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири агентлик манбасига таяниб.

Агентлик делегацияси фестиваль доирасида кино оламининг етакчи намояндалари билан учрашувлар ўтказди. Унда халқаро Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди.

“Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кинематография соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистон кино саноатининг муҳим ва долзарб вазифаларидан. Берлиндаги кинофестивалда Президентимиз ташаббуси асосида афсонавий халқаро Тошкент кинофестивали ўтказиш анъанасини тиклаш масаласи муҳокама қилинди. Бу муҳим вазифани хорижлик ҳамкорлар иштирокисиз амалга оширишнинг имкони йўқ. Бу ерда гап Тошкент кинофестивалини шунчаки ўтказиш эмас, балки уни дунё миқёсидаги энг нуфузли кинофестивалга айлантириш ҳақида кетмоқда”, – дея таъкидлади "Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Берлинале расмий вакили Барбара Вурм,  “МКФ GoEast” директори  Хелеен Герритсен, Марказий Осиё ва Шарқий Европа кинематографиячилари департаменти (UNIFRANCE) раҳбари, кинотанқидчи Жоэль Шапрон, киношунос, Германиядаги Чингиз Айтматов жамғармаси филиали асосчиси Светлана Слапке каби кино соҳаси экспертлари ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

“Дунё аҳли учун севимли бўлган Тошкент халқаро кинофестивалини орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, қайта тиклаш ҳақидаги ташаббусни ҳақиқий жасорат деса бўлади. Бу бир пайтлар бузиб ташланган, халқлар ўртасидаги дўстлик кўпригини қайта тиклаш, деганидир. Мазкур кўприк вақт занжирини ва авлодларни бирлаштиради, жипслаштиради. Бундай эзгу мақсадни амалга оширишда қўлимдан келган ёрдамни аямайман”, – деди FIAPF директори Беноит Гинисту.

Тошкент кинофестивали 1968 йилдан бошлаб ўтказиб келинган. У Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинематографиясининг дунёга машҳур, энг катта анжумани бўлган. Ушбу кинофестиваль катта мавқега эга бўлиб, кино саноатини ривожлантириш масалалари муҳокамаси учун қулай майдон ҳисобланган.  Ёш истеъдод эгалари учун эса тажриба алмашиш имконини берган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net