Бельгиядан муносабат: Алишер Навоий асарларини Ўзбекистон халқи севиб мутолаа қилади ва ўзининг буюк бобокалони билан чин дилдан фахрлан

08.02.2021 17:01

БРЮССЕЛЬ, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон-Нидерландия дўстлик жамғармаси раиси Далия Чакар “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Роппа-роса 580 йил муқаддам буюк шоир, мутафаккир, файласуф, олим ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллуд топган. Уч мингдан зиёд асар муаллифи бўлган аллома ўзбек адабиётининг асосчиси, туркий халқлар адабиётининг энг ёрқин намояндаси сифатида қадрланиши ҳам бежиз эмас. Унинг асарлари бутун дунёда маълуму машҳур бўлиб, айниқса, Марказий Осиё давлатлари ва Туркияда унга бўлган ҳурмат ва эҳтиром ўзгача.

Ўзбекистонга бир марта бўлса ҳам саёҳат қилган, унинг тарихи ва маданиятидан озгина бўлса-да хабардор бўлган одам Алишер Навоий Ўзбекистон маданий-маънавий меросида Амир Темур, Мирзо Бобур ва Мирзо Улуғбек каби буюк давлат, адабиёт ва фан арбоблари қаторида юксак эъзозланишидан бохабар. Унинг ғазаллари, достону девонларини Ўзбекистон халқи севиб мутолаа қилади ва ўзининг буюк бобокалони билан чин дилдан фахрланади.

Ўзбекистондаги энг йирик вилоятлардан бири, унинг маъмурий маркази, энг йирик саноат корхонаси, шунингдек, Миллий кутубхона, Университет, метро бекати ва кўплаб бошқа муассасаларнинг буюк шоир номи билан аталгани мамлакатда тарихий мерос ва уни асраб-авайлашга бўлган юксак эътибор кўламидан яққол далолат беради.

Ўтган йили мен буюк шоир дафн этилган Афғонистонга хизмат сафари билан борган чоғимда бу мамлакатда ҳам буюк шоирнинг хотираси асраб-авайланаётганини ва кўплаб кўчалар, мактабу хиёбонларга Алишер Навоий номи берилганига гувоҳ бўлдим.

Ўзбекистон-Нидерландия дўстлик жамиятининг 2021 йилги иш режасида ўзбек халқининг буюк бобокалони Алишер Навоий хотирасига бағишлаб қатор тадбирлар уюштириш кўзда тутилган бўлиб, биз уларга европалик таниқли олим ва  адабиёшуносларни жалб қилиш ниятидамиз.

https://youtu.be/NhfWuXLz_Tc 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net