2021 йил Халқаро Туркий академия томонидан “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинди

10.02.2021 17:06

АСТАНА, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Қозоғистондаги элчихонаси томонидан буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлашга доир вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқаро Туркий академия (ХТА) ҳамкорлигида “Алишер Навоий – Шарқнинг ёрқин юлдузи” мавзусида илмий-амалий онлайн-анжуман ўтказилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси парламенти депутати Фахриддин Каратаев, Халқаро Туркий академия президенти Дархан Қидирали, Қозоғистон давлат мукофоти лауреати Несипбек Айтули, шунингдек, Ўзбекистон, АҚШ, Туркия, Озарбайжон ва Қирғизистондан навоийшунос олимлар, шоирлар ва зиёлилар иштирок этди.

Д.Қидирали 2021 йил ХТА томонидан “Алишер Навоий йили” деб белгилангани ва бугунги тадбир ушбу йилнинг “очилиш дебочаси” эканини  қайд этди. Жорий йил Навоий асарларини барча туркий тилларга ўгиришга грант ажратилиши ҳақида тўхталиб, карантин чекловлари тугагандан сўнг, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда катта тадбирлар режалаштирилаётганлигини маълум қилди.

Тадбирда таниқли қозоқ шоири, Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” ва “Садди ?скандарий” достонларини қозоқ тилига таржимони Н.Айтули “Алишер Навоий - туркий халқлар шеъриятининг отаси” дея баҳо бериб, унинг асарлари ҳар бир туркий давлатда доимо мутолаа қилиниши зарурлигини урғулади. У айни пайтда Навоийнинг «Лисон ут-тайр» («Қушлар тили») достонини қозоқ тилига ўгириш ишлари билан шуғулланаётганини маълум қилди.

Евроосиё ёзувчилар уюшмасининг раиси, туркиялик ёзувчи Якуб Омероглу сўзга чиқиб, Алишер Навоий меъроси – туркий халқлар адабиётининг негизини ташкил этишини таъкидлаб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилаётганини қувонарли ҳол, деди.

Боку миллий университети (Озарбайжон) профессори Рамиз Аскер “Ўзбекистон – жаннатмонанд юрт, у нафақат бой тарих ва маданиятга эга, балки Алишер Навоийдек буюк даҳолари ҳам бор”, - деб қайд қилди.

Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари сўзга чиқди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ҳозирги кунда Ўзбекистонда Алишер Навоий меъросини ўрганиш янги босқичга кўтарилгани, хорижий олий ўқув юртлари билан биргаликда илмий-амалий тадбирлар ўтказилаётганини маълум қилди. Навоий ўз асарларида туркий улусни улуғ мақомда эканини амалда исботлаб бергани, шу боис буюк аждодимизнинг ижоди туркий халқлар адабиётида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Элчихона иш режасига мувофиқ, Қозоғистонда Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар йил мобайнида давом этади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net