18 май – Халқаро музейлар куни

18.05.2020 10:36

ТОШКЕНТ, 18 май. /«Дунё» АА/. Бугун, 18 май — Халқаро музейлар куни, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Музейлар аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, аждодлар ва авлодлар ўртасида кўприк вазифасини бажариб келмоқда. Шу билан бирга, музейлар мамлакатнинг маданий қиёфасини кашф этишда ҳамда халқимизнинг  ўзлигини намоён қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўз навбатида, музейлар аждодларимиздан бизгача етиб келган маданий меросимизни келажак авлодларга етказиш, мардлик, ҳалоллик, умуминсоний ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларимизни номоддий маданий меросга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Ушбу сана дунёда бўлгани каби мамлакатмизда ҳам ҳар йили кенг нишонланади.

Афсуски, айни пайтда дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси сабаб Халқаро музейлар кунини жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирокида оммавий тарзда кенг нишонлаш имкони йўқ.

Шундай бўлса-да, соҳа мутахассислари ушбу кун муносабати билан халқимизга «Виртуал музей» лойиҳасини тавсия қиляпти.

Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида жойлашган 16 та музей “vrmuseum.uz” (TasIX) ҳамда виртуал саёҳатларга ихтисослашган дунёдаги энг йирик “roundme.com” платформаларида жойлаштирилган.

Музейлар энг замонавий ахборот технологиялари ва жиҳозларидан фойдаланган ҳолда, сифат кўрсаткичининг янги стандарти – 12 К ўлчамида, 360º 3D шаклида тасвирга олинган. Маълумотларга кўра, юртимизда виртуал музейлар сонини 29 тага етказиш режалаштирилган.

Маълумот учун, қатор ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилган виртуал музейлар лойиҳаси «VRonica» компанияси томонидан яратилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net