Латвиянинг дунёда машҳур йирик ойна толалари ишлаб чиқарувчиси билан ҳамкорлик истиқболлари ўрганилмоқда

24.08.2020 10:45

Р?ГА, 24 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Қадамбой Султонов Латвиянинг тарихий ҳудуди Видземега сафари давомида Валмиер шаҳридаги «Valmiera Glass» гуруҳига кирувчи «Valmiera Stikla Skiedra» йирик ойна толалари ишлаб чиқариш заводи штаб-квартирасида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда «Valmiera Glass» гуруҳи бошқарув аъзоси Гиртс Веверис иштирокида Ўзбекистон билан келгусида ҳамкорлик ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, «Valmiera Stikla Skiedra» каби компанияларнинг муваффақиятли фаолияти туфайли Валмиер ҳақли равишда Латвиянинг энг саноатлашган шаҳри деб тан олинмоқда. Унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 47 фоизни ташкил этади. Ва ушбу шаҳар бу борада Латвиянинг бошқа шаҳарлари, жумладан пойтахт Ригадан ҳам анча олдинда.

«Valmiera Stikla Skiedra» — шаҳарсозликка ихтисослашган корхона минтақадаги энг катта иш берувчи ҳисобланади. «Valmiera Glass UK Ltd» гуруҳининг бўлинмаси Буюк Британияда ҳам бор.

Компания юқори босимга, юқори қувватли иссиқликка бардошли, иссиқлик ва шовқинни ютувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган шиша толали ойналар ишлаб чиқаради. Бундай юқори технологияли маҳсулот аэрокосмик, муҳандислик, қурилиш ва бошқа соҳаларда харидоргир.

Гирт Вевериснинг сўзларига кўра, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 95 фоизи экспорт қилинади. Унинг географиясига Европа, Америка, Осиё ва Яқин Шарқнинг 30 дан ортиқ мамлакати киради. «AIRBUS» трансмиллий аэрокосмик корпорацияси, Жанубий Кореянинг «LOTTE CORPORATION» ва Европанинг қатор етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилари корхона маҳсулотларининг энг катта харидорлари ҳисобланади.

Дунёда бешинчи ўринда турувчи Жанубий Кореядаги энг баланд бино «Lotte World Tower»ни қуриш учун тўлиқ «Valmiera Glass» ойна толалари ишлатилган.

Ўзаро фикр алмашиш жараёнида Гирт Веверис Ўзбекистон томони билан биргаликда «Valmiera Stikla Skiedra» билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо ва технологик ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

Ҳамкорликнинг амалий масалаларини батафсил муҳокама қилиш учун ишчи мулоқотларини давом эттиришга келишилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net