Короновирусга қарши самарали курашишда нафақат катта маблағ, балки ҳамжиҳатлик ҳам муҳимдир — Ольфер Ландт

20.07.2020 15:00

БЕРЛ?Н, 20 июль. /«Дунё» АА/. Маълумки, коронавирус пандемиясига қарши муваффақиятли курашда, айниқса унинг аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олдини олишда инфекция юқтирганларни тез ва бехато аниқлаш муҳимдир. Бу борада Берлин шаҳридаги «TIB Molbiol Syntheselabor» компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган лаборатория таҳлилларида қўлланиладиган тест  тўпламларига талаб ортиб бормоқда.

Бундан 30 йил аввал биохимик Ольфер Ландт томонидан ташкил этилган ушбу компания 2002-2003 йилларда SARS пневмонияси, парранда ва чўчқа гриппи вирусларини аниқлашдаги тестларни ишлаб чиқариш орқали кенг халқаро жамоатчиликка танилган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлари рўйхатига ҳам киритилган «TIB Molbiol Syntheselabor» мутахассислари янги короновирусни тезкор аниқлайдиган тест тўпламларини жорий йил январь ойи Шарите клиникаси вирусологлари билан биргаликда ишлаб чиққан эди.

Бугунги кунда «TIB Molbiol Syntheselabor» томонидан ҳафтасига 1,5 миллион дона тест тўплами тайёрланмоқда. Битта тўпламда 96 кишига етадиган тестлар жамланган. Ольфер Ландт компанияси тест тўпламлари 100 дан ортиқ давлат, жумладан Ўзбекистонга ҳам экспорт қилинмоқда.

«Дунё» АА мухбири «TIB Molbiol Syntheselabor»  компанияси ишлаб чиқараётган, Сovid-19ни аниқлашда юқори самарадорлик кўрсатаётган тестларнинг афзаллиги ва жаҳонда, хусусан Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақида Ольфер Ландт билан суҳбатлашди.

— Маълумки, короновирус бутун дунё бўйлаб тез тарқалаётган ўта хавфли юқумли касалликдир, — дейди мутахассис. — Шу сабабли биз ишлаб чиқараётган тест тўпламларига талаб ва буюртма шунчалик кўпайиб кетдики, натижада дам олиш кунлари ҳам 14-16 соатдан ишлашимизга тўғри келмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти буюртмалари асосида Америка, Европа, Осиё ва Африкадаги давлатларга ушбу маҳсулотларни етказиб беряпмиз. Мақсадимиз - мана шундай оғир кунларда дунё мамлакатлари, халқларига ёрдам кўрсатишдир. Шароит шуни тақозо этмоқда, дунё ҳамжамияти бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда курашмас экан, бу хавфли касалликни енгиш қийин кечади ва у янада оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Биз хорижий давлатларнинг элчихоналари билан ишлаш тажрибасига эга эмасмиз. Лекин биринчи бўлиб жорий йилнинг март ойида бизга Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан мурожаат этди. Бугунги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, одатда, буюртмаларни уч ой олдин расмийлаштиришга мажбур бўлаяпмиз. Бироқ ўзбек дипломатлари билан учрашувдан сўнг ишлаб чиқариш жадвалига қўшимча имкониятларни жорий қилиб, апрель ойида дастлабки тест тўпламларини Ўзбекистонга етказиб беришга муваффақ бўлдик.

Бугун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Айни пайтда буюртмаларимиз кўп бўлса-да, Ўзбекистон буюртмасини ўз вақтида етказиб бераяпмиз.

Афсуски, короновирус дунё бўйлаб юқори тезлик билан ривожланмоқда, касалланганлар ва вафот этганларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Бутун дунё давлатлари унга қарши курашда самарали чора-тадбирлар қўллашга уринмоқда. Бу жараён эса жуда катта маблағ, тиббий ускуналар, изоляцион клиникалар, дори воситаларини талаб этмоқда. Биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу борада амалга оширилаётган ишларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдамиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакатда яхши натижаларга эришишга ва энг муҳими, халқ саломатлигини асраб авайлаш, ҳимоя қилишга мақсадли йўналтирилгандир.

Айни пайтда аҳоли ҳам белгиланган чора-тадбирларга, айниқса, карантин талабларига тўла риоя этса, масъулият билан ёндошсагина кўзланган натижаларга эришиш мумкин. Жумладан, Германияда одамлар жамоат жойларида масофани сақлаб, тиббий ниқоб билан юришга, 3-4 кишидан ортиқ тўпланмасликка, йиғилган ҳолда тадбирлар ўтказмасликка қатъий риоя этмоқда. Бу эса албатта, ўз самарасини бермоқда.

?шончим комилки, биз бу синовли кунлардан биргаликда муваффақият билан ўтамиз. Кейин эса, аввалгидек, турли учрашувлар ва катта-катта тадбирлар ўтказиш, хорижий сафарларга чиқишга яна имконият туғилади. Мен коронавирус билан боғлиқ вазият изга тушгандан сўнг Ўзбекистонга бориш, Буюк ипак йўлидаги бетакрор меъморий ёдгорликларни зиёрат қилиш, бой тарих ва маданиятингиз билан яқиндан танишишни ният қилганман. Шунингдек, мамлакатингизнинг турдош тизимлари, жумладан, биотехнология институтлари ва лабораториялари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net