Коронавирусга чалинган беморларни даволашда тажриба алмашиш мақсадида Самарқандга Германиядан шифокор таклиф этилди

03.08.2020 14:47

САМАРҚАНД, 3 август. /«Дунё» АА/. Коронавирусга чалинган беморларни даволашда самарали усуллардан фойдаланиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимлиги таклифига биноан германиялик мутахассис, профессор Бар Вернер Самарқандга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вилоят ҳокимлиги манбасига асосланиб.

Коронавирусни даволаш бўйича тажрибага эга бўлган вирусолог олим Самарқанддаги коронавирус билан касалланганлар даволанаётган шифохоналарда бўлиб, даволаш жараёнлари билан яқиндан танишди, шифокорларга ўзининг маслаҳат ва тавсияларини берди. 

– Бугунги кунда дунё мамлакатлари коронавирус инфекциясининг тез тарқалиб кетишининг олдини олиш ва самарали даволаш усулларни қўллаш ҳамда беморларни нафақат асраб қолиш, балки тез кунларда саломатлигини қайта тиклаши учун курашмоқда, – дейди Бар Вернер. – Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу борада зарур чоралар кўрилмоқда. Самарқандда коронавирус инфекцияси профилактикаси ва даволашнинг амалий жиҳатлари, ушбу соҳадаги янгиликларнинг тезда амалиётга жорий этилаётганлиги эътиборимни тортди. Беморларнинг айни пайтдаги ҳолати, уларга қўлланилаётган дори воситалари, таъсири қандай бўлаётганлиги билан қизиқдим. Айтишим мумкинки, коронавирус касаллигини даволашда тўғри усуллардан фойдаланилмоқда.

Германиялик шифокор вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан бирга Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати мажмуасида COVID-19 ташхиси қўйилган беморларни даволаш учун ташкил этилаётган махсус шифохона фаолияти билан танишди. Мазкур шифохонани зарурий жиҳозлар билан таъминлаш, беморлар ва шифокорлар учун қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар, касалларни қабул қилиш ва даволаш тартиби немис олимида илиқ таассурот қолдирди. 

Махсус шифохона фаолияти билан танишиш жараёнида хорижлик мутахассис касалликка қарши курашиш ва уни самарали даволаш юзасидан ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net