Коронавирусга чалинган 61 ёшли аёл вафот этди

30.04.2020 14:37

ТОШКЕНТ, 30 апрель. /«Дунё» АА/. Кеча, 29 апрель куни 1959 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Г. исмли фуқаро белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди, деб хабар бермоқда, «Дунё» АА мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими манбасига асосланиб.

Бемор 15 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) билан ётқизилган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган. Шундан сўнг, унга ихтисослашган тиббий ёрдам бериш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига оғир ҳолатда ўтказилган.

 Беморда бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир буйрак етишмовчилиги, гипертония каби қатор хасталиклар бўлгани сабабли даволаниш оғир кечиб, 14 кун сунъий нафас олиш аппаратида бўлди. Бундан аввал, яъни 2 февраль куни у илк бор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган ва даволаниб чиққан.

 61 ёшли ушбу бемор даволаниш давомида кунлик аҳволи видео мулоқотлар орқали хорижлик ва мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган. Афсуски, ушбу юртдошимизнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net