Конституциявий комиссияга юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди

12.09.2022 18:19

ТОШКЕНТ, 12 сентябрь. /«Дунё» АА/. 10 сентябрь куни Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Олий Мажлиснинг қуйи палатаси томонидан маълум қилинишича, унда Комиссия аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда уни такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Конституциявий ислоҳотни амалга оширишда бошиданоқ халқ манфаатларидан келиб чиқиб иш тутди. Қонун лойиҳасининг аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида мамлакатнинг барча ҳудудларида очиқ-ошкоралик принциплари асосида тадбирлар ташкил қилинди. Депутатлар сайлов округларидаги фаолияти, ҳудудлардаги учрашувлари ва сайловчилар билан олиб борилган тўғридан-тўғри мулоқотлари давомида конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказди.

Мазкур учрашувларда Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилгани тўғри бўлганлиги фуқаролар томонидан алоҳида эътироф этилди. Энг муҳими, умумхалқ муҳокамаси давомида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Бу эса умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш ҳақидаги қарор мақсадга мувофиқ ва ўз вақтида бўлганини яна бир бор исботлади.

Фуқароларимиздан келиб тушаётган таклифлар орасида солиққа тортишнинг адолат принципларига мос бўлиши, меҳнат ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши, давлат органлари фаолиятининг очиқ бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига аралашмаслик, одил судловнинг факат суд томонидан амалга оширилиши ва бошқа шу каби келиб тушган таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, эътирозларга сабаб бўлган айрим нормалар лойиҳадан чиқариб ташланди. Бу, ўз навбатида, қонун лойиҳаси халқимиз таклифлари асосида маромига етказилиб, Бош Қомусимизни том маънода халқ Конституциясига айланаётганидан далолат беради.

Эътиборлиси, мазкур жараёнга хориждаги ўзбекистонликлар ҳам бефарқ бўлишмади. Жумладан, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошларимизнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.

Шунингдек, Қонунчилик палатасига ташриф буюрган ҳар бир хорижий делегация аъзолари билан Таклифлар билан ишлаш гуруҳи, Конституциявий комиссия матбуот хизмати ходимлари ўртасида суҳбатлар уюштирилди. Улар Ўзбекистон парламентининг қуйи палатасида яратилган шароитлар билан танишиб, конституциявий ислоҳот жараёнида қандай ишлар олиб борилаётганини амалда кўрди.

Худди шу тажриба ҳақида Женевадаги 30 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, Нью-Йоркда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида 40 дан зиёд давлатнинг доимий вакиллари ва бошқа халқаро ташкилотлар мутасадди раҳбарларига маълумот берилди.

Шу билан бирга, бугунги кунга қадар Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишлаб халқаро ташкилотлар даражасида 11 та, хорижий давлатларда ҳам кўплаб тадбир ўтказилган. Уларда халқаро ҳамкорлар Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот борасида илғор қадамлар қўйилаётганини ҳамда юртимиз конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини айтиб, Янги Ўзбекистон айни соҳада энг тўғри йўлдан бораётганини билдирган.

Бугунги йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳаси шу кунга қадар 8 та миллий экспертизадан ўтказилгани, шунингдек, Тошкентда БМТ, ЮН?СЕФ (БМТ Болалар фонди), ЕХҲТ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) каби ташкилотлар вакиллари билан 3 та халқаро жамоатчилик маслаҳатлашуви ташкил этилгани таъкидланди.

Фуқароларимиздан келиб тушган таклифлар Бош Қомусимизни чин маънода халқ Конституциясига айлантириш учун кенг ва қулай имконият яратгани, айни вақтда масъул қўмиталарда ҳар бир таклиф экспертлар, соҳа мутахассислари, олимлар, сиёсатчилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, шу асосда Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказилаётгани айтиб ўтилди.

Хусусан, таклифлари долзарб аҳамият касб этган муаллифлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг берган таклифи бевосита ўзининг иштирокида муҳокама этилди. Узоқ ҳудудларда жойлашган таклиф эгалари билан масофадан туриб онлайн ишлар олиб борилди. Бу Ўзбекистон халқига умумхалқ муҳокамасида иштирок этиб, конституциявий ислоҳотлар бўйича ўз фикрларини билдириш имконини берди.

Йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳасининг давлат тилидаги матни таҳририни тайёрлаш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди.

Қайд этилишича, лойиҳада норматив-ҳуқуқий атамалар ўз мазмунига мувофиқ, ягона шаклда, тўғри қўлланилган. Адабий тил қоидалари ва нормалари талабларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга аниқ риоя қилинган. Энг муҳими, лойиҳадаги нормалар содда ва равон акс эттирилган. Унинг сифати ва даражаси ҳозирги кундаги жаҳон конституциявий тараққиётининг тенденцияларига тўла мос келади.

Шу боис, қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилади. Халқ вакилларининг фикрлари эътиборга олинган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган Конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади. Конституциявий ислоҳот умумхалқ овоз бериш орқали амалга оширилиши Бош Қомусимизнинг аҳоли хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига хизмат қилади.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан хулосалар қилинди.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net