Конфессиялар кенгаши йиғилишида янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартишлар

01.07.2020 16:53

ТОШКЕНТ, 1 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Конфессиялар кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати манбасига асосланиб.

Тадбирда мамлакатмиздаги турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш, шунингдек, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ушбу Қонун халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, ?нсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕХҲТнинг тегишли меъёрий ҳужжатларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, Қонун лойиҳасига киритилган бир қатор янги моддалар ҳақида Кенгаш аъзоларига батафсил маълумот берилди, ушбу ўзгартишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

– Кенгашнинг ушбу йиғилишида фаолиятимиз учун муҳим бўлган қатор масалалар муҳокама қилинди, — деди Кенгаш аъзоси, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий. — Жумладан, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун бўйича ҳам ўзаро фикр алмашдик. Эътироф этиш керак, бугун Ўзбекистонда биз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бунинг учун, аввало, Президентимизга миннатдорлик билдирамиз.

Шунингдек, учрашувда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бўлган эътибор йилдан-йилга кучайиб бораётгани, бу Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топгани қайд этилди. Хусусан, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам уларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

– Пандемия шароитида бизнинг саломатлигимизни ўйлаб кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам бугунги учрашувда алоҳида суҳбатлашдик, – деди Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Матсулевич. – Биз ҳам ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиб, ўз иш фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Конфессиялар кенгаши йиғилишида кўплаб масалаларни муҳокама қилдик, хусусан, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун ҳақида атрофлича маълумотлар олдик. Ҳар бир бўлим ва банд бўйича фикр алмашдик. Албатта, бу келгуси фаолиятимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 Учрашув якунида барча диний конфессия раҳбарларига Конфессиялар кенгаши аъзолиги гувоҳномаси топширилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net