ТОШКЕНТ, 28 декабрь. /«Дунё» АА/. Таниқли кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Аюб Шаҳобиддинов Янги йил байрами арафасида «Дунё» АА мухбири саволларига жавоб йўллади.
— Сиз Янги йилни қандай кутиб олишни режалаштиряпсиз?
— Янги йилни ҳар доимгидек оилам даврасида яқинларим билан кутиб олиш ниятидаман.
— 2020 йил ҳаётингизда қандай эсда қоларли воқеа содир бўлди?
— Жорий йил ҳаётимизда унутилмас давр бўлди, десам муболаға бўлмаса керак.
Чунки 24 декабрь куни “Рангсиз тушлар” фильмининг премьерасини тақдим қилдик. У Европа ва Осиёнинг қатор фестивалларида намойиш этилди. Хусусан, Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида бўлиб ўтган “Cinemaking” халқаро кинофестивалида “Энг яхши сценарий” мукофотига сазовор бўлди.
— Яқинлашиб келаётган 2021 йилда «Дунё» АА ўқувчилари ва мухлисларингизга қандай туҳфангиз бор?
— Янги йилда кинотеатр ва телеэкранларда “Рангсиз тушлар” фильмининг намойиши режалаштирилмоқда. Умид қиламанки, бу кино санъати мухлисларига муносиб совға бўлади.
— Янги йил муносабати билан юртдошларимизга тилакларингиз?
— Юртдошларимизни яқинлашиб келаётган байрам билан самимий қутлайман. Барчага, аввало, мустаҳкам соғлик-саломатлик, 2020 йилда ушалмаган орзу-ниятларининг Янги йилда амалга ошишини тилайман, эзгу ишларига улкан зафарлар ёр бўлсин!