“Жэньминь Жибао” Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида мақола нашр этди

09.05.2020 12:22

ПЕК?Н, 9 май. /“Дунё” АА/. Хитойнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ўз ўқувчиларини Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар билан таништиришда давом этмоқда. Навбатдаги мақола Хитойнинг етакчи расмий нашрларидан бири “Жэньминь Жибао” газетасининг интернет тармоғидаги веб-саҳифасида эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Хусусан, нашр “Ўзбекистон Сардобада рўй берган табиий офат оқибатларини бартараф этишда Қозоғистонга ёрдам беради – Президент” сарлавҳали мақоласини муштарийлар эътиборига ҳавола қилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур табиий офат оқибатларини бартараф қилиш мақсадида қозоқ биродарларга зарур кўмак кўрсатишга тайёр экани бўйича берган баёноти ҳақида қайд этилади.

“Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, ўзбек ва қозоқ халқлари қадим-қадимдан ёнма-ён яшаб келган, нафақат яхши кунларда, балки синовли дамларда ҳам доимо елкадош бўлиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келган”, деб ёзади нашр.

“Жэньминь Жибао” жорий йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Қозоғистон Республикаси жанубида жойлашган Туркистон вилояти Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктлари ва экин майдонлари зиён кўрганига оид рақамларни келтирар экан, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган қуйидаги фикр-мулоҳазаларни ҳам қаламга олган: “Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз, уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз”.

Нашр саҳифасида эълон қилинган “Ўзбекистонда минтақалар COVID-19 касаллиги тарқалиши даражаси бўйича тасниф қилинди” сарлавҳали мақола эса мамлакатимиздаги бугунги эпидемиология ҳолати ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларга бағишланган. 

Унда нашр ўз ўқувчиларига Ўзбекистонда Коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси эпидемиология вазияти даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни тоифага ажратишга қарор қилгани билан боғлиқ маълумотларни тақдим этган.

“Жорий йил 8 майдан эътиборан Ўзбекистон минтақаларида карантиннинг  уч хил - «яшил», «қизил» ва «сариқ» даражаларидан бири амал қила бошлайди, деб ёзади “Жэньминь Жибао”. Бироқ барча минтақаларда карантин даражаси қандай эканлигидан қатъий назар, муайян талаб ва чекловлар, хусусан, ижтимоий масофани сақлаш ва оммавий тадбирлар ўтказилишига қўйилган таъқиқ сақланиб қолади”.

Нашр «яшил», «қизил» ва «сариқ» даражаси тоифалари эпидемиологик ҳолат жиҳатидан нимани англатиши, республикамизнинг қайси вилоятлари қандай тоифага киритилгани, муайян ҳудудларда қандай фаолият турларига рухсат берилиши ҳақидаги маълумотларни ҳам ўз ўқувчилари билан ўртоқлашган.

 Юқоридагилар билан бирга, “Жэньминь Жибао” веб-саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтгани, бошқа долзарб мавзулардаги  ахборотлар ҳам кўп сонли ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net