Жанубий Корея сайёҳлик агентликлари уюшмаси билан ҳамкорлик ўрнатилди

09.07.2020 14:30

ТОШКЕНТ, 9 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси кўмагида сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Жанубий Корея Сайёҳлик агентликлари уюшмаси (КАТА) вакиллари ўртасида видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов, КАТА раиси Чанг Хи Ох, уюшманинг масъул ходимлари, шунингдек Кореянинг «Hana Tour» ва «Modetour» каби етакчи туроператорлари вакиллари иштирок этишди.

«КАТА» раиси Чанг Хи Ох коронавируснинг салбий асоратларини бартараф этишда биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлар экан, Жанубий Корея сайёҳлик компанияларининг икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклаш учун Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. 

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 19 июндаги «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимизда туризм соҳасини тиклаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда «Uzbekistan. Safe travel Guaranteed» санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизимини юқори баҳолашди. Тадбир давомида Жанубий Корея сайёҳлари орасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида хавфсиз туризм тизимини жорий этиш ҳамда реклама-маркетинг фаолиятини жадаллаштириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. 

Музокаралар якунида туризм соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилувчи икки томонлама шартномани имзолаш масаласини кўриб чиқишга келишилди.

Маълумот учун, 1991 йилда ташкил топган «КАТА» уюшмаси туризм соҳасида фаолият юритадиган 2 мингдан ортиқ Жанубий Корея компаниялари манфаатларини ҳимоя қилади. Уюшма таркибига вазирликлар, маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари ва Корея Республикасининг етакчи авиакомпаниялари, шу жумладан, «Korean Air» ва «Asiana Airlines», шунингдек, хорижий сайёҳлик ташкилотлари филиалларининг махсус аъзолари киради. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net