Жанубий Корея пойтахтининг аҳоли гавжум бўлган жамоат жойларида Тошкентнинг туризм салоҳияти тўғрисидаги видеороликлар намойиш этилмоқ

21.05.2022 12:00

СЕУЛ, 21 май. /«Дунё» АА/. Жорий йил 10 майдан бошлаб Тошкент шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини ўзида акс эттирувчи видеороликлар Жанубий Корея пойтахтининг марказий кўчалари ва аҳоли гавжум бўлган жамоат жойларида намойиш этилмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея пойтахтлари ўртасида 2010 йилда ўрнатилган ўзаро биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида амалга оширилаётган мазкур тадбир 24 майга қадар давом этади.

Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси, диққатга сазовор жойлари, миллий таомлари, халқ маданиятига бағишланган видеороликлар Сеул шаҳар маъмурияти қаршисида жойлашган йирик ҳажмдаги марказий мониторда, пойтахт метросининг энг гавжум бўлган 10 та станциясида намойиш қилинмоқда.

Тошкент шаҳри ҳақидаги видеоролик намойиш этилаётган метро станцияларида йўловчилар қатнови кунига қарийб 1 миллион нафарни ташкил этади.

Бундан ташқари, Тошкентнинг гўзаллигини намоён қилувчи видеотасвирлар Сеул мэрияси томонидан бошқариладиган марказий рақамли ахборот тизимига кирувчи 100 га яқин муссасанинг экранларида эфирга узатилмоқда. Булар қаторида Жанубий Корея пойтахтидаги музейлар, театрлар, илмий-маърифий марказларни санаб ўтиш мумкин.

Шунингдек, икки мамлакат пойтахтлари ўртасидаги биродарлик алоқалари доирасида айни кунларда Сеулнинг туризм салоҳияти ҳақидаги видеороликлар Тошкент шаҳридаги марказий мониторларда ҳам намойиш этилмоқда.

Пойтахтимиз сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги видеолавҳалар Жанубий Корея аҳолиси томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ҳамда биродар шаҳарлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Мазкур тадбир, шубҳасиз, республикамизнинг туризм салоҳиятини Жанубий Кореяда сезиларли даражада тарғиб қилишга ва ушбу мамлакатдан кўплаб сайёҳлар оқимини юртимизга жалб қилишга хизмат қилади.

 Ли Жунхо, Сеул мэрияси халқаро алоқалар бўлими ходими:

- Бу йил Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлиши билан аҳамиятлидир. Жорий йил доирасида икки давлат пойтахтлари – Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. Коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгани сари Тошкент ва Сеул ўртасидаги ҳамкорлик янада фаоллашади, деб умид қиламиз.

Жанубий Корея фуқароси:

- Тошкент шаҳри ҳақида намойиш этилаётган видеороликлар жуда ҳам қизиқарли ва таъсирли экан. Уни кўрганимдан сўнг менда Тошкент ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга қизиқиш пайдо бўлди. Коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгандан сўнг, албатта, Ўзбекистонга боришни режалаштиряпман. Тошкентни “Марварид шаҳар” деган чиройли ном билан аталиши менга жуда ҳам ёқди. Шунинг учун келажакда уни албатта ўз кўзим билан кўришни хоҳлайман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net