Жанубий Корея Миллий сайлов комиссияси Ўзбекистонга бўлажак сайловларда халқаро кузатувчи сифатида ўз вакилларини юборади

02.02.2021 13:53

СEУЛ, 2 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасида Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси (МСК) Бош котиби ўринбосари Пак Чан Жин, Режалаштириш департаменти бош директори Лим Чэ Ман, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Чэ Хи Ёнг ва бошқа масъул ходимлар иштирокида «давра суҳбати» ўтказилди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда Жанубий Корея Миллий сайлов комиссияси вакилларига мамлакатимизда 2019 йил бўлиб ўтган парламент сайлови якунлари бўйича халқаро ташкилотлар томонидан берилган тавсияларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш орқали мамлакатимизда сайловлар соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг моҳияти тўғрисида маълумот берилди. Миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бугунги кунда мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги мавқеини янада юксалтириш доирасидаги асосий вазифалардан бири экани таъкидланди.

Ўзбекистон сайлов тизими ва қонунчилиги билан батафсил танишиш учун тадбир иштирокчиларига Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил 22 декабрь куни ўтказилган Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларга бағишлаб тайёрланган «Сайлов - 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар» номли  рисола тақдим этилди.

«Давра суҳбати» доирасида Жанубий кореялик мутахассисларга Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришлар тўғрисида сўзлаб берилди.

Жанубий Корея вакиллари сўнгги йилларда Ўзбекистонда сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принциплар асосида ўтказишга қаратилган сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларга катта қизиқиш билдирди.

Ўз навбатида, Пак Чан Жин 2016 йил 2 февраль куни Тошкент шаҳрида Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ижроси доирасидаги ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади.

МСК Бош котиби ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат сайловлар ва сайлов амалиёти тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш соҳасидаги маълумотлар, сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган қўшма тадбирлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан пандемия шароитида тажриба алмашиш учун хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси вакиллари республикамиз билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шунингдек, ўз вакилларини бўлажак сайловларга халқаро кузатувчилар сифатида юборишга тайёр эканини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net