ЮНEСКО ва Европа ?ттифоқи билан қишлоқ жойларида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди

29.07.2020 09:47

ТОШКЕНТ, 29 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ҳукуматининг ЮНEСКО ва Европа ?ттифоқи билан ҳамкорликдаги янги «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш» дастурининг йўлга қўйилишига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг ЮНEСКО масалалари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов, ЮНEСКОнинг таълим масалалари бўйича Бош директори ўринбосари Стефания Жаннини, Европа ?ттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси сифатидаги фаолиятини якунлаётган Эдуардс Стипрайс, шунингдек, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

— Янги лойиҳанинг ишга туширилиши яқинда Президентимиз ташаббуси билан касб-ҳунар соҳасидаги таълимни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида малака ва бандлик салоҳиятини оширишга қаратилган дадил қадамларга мос келади, — деди Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида. — Бу лойиҳа ҳукуматимизнинг коронавирус пандемиясидан зарар кўрган, иш ўринлари ва даромадларини йўқотган қишлоқ аҳолисини рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам жуда долзарбдир. Бундан ташқари, COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ёш авлодни тарбиялаш ва уларнинг келажакдаги қийинчиликларга бардош бера олиш кўникмаларини оширишга ёрдам беради.

Маълум қилинишича, янги лойиҳанинг мақсади қишлоқ хўжалиги ҳамда ирригация соҳаларида техник ва профессионал таълимни такомиллаштириш, республикамизнинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмасини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборатдир.

Коллежларда таълим бериш ва тайёрлаш жараёнларини модернизация қилиш, коллежларни бошқариш, қишлоқ хўжалигида кўникмаларни ривожлантиришнинг янги усулларини татбиқ этиш, қишлоқ жойларда таълимнинг рақамли ва онлайн-офлайн усулларини жорий қилиш, қишлоқ хўжалигини юритишнинг халқаро ва миллий инновацияларга асосланган янги усулларини татбиқ қилиш янги дастурнинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.

Мазкур дастур қишлоқ ҳудудлардаги ишчиларни янги зарур кўникмалар билан таъминлайди. Юқори технологик қишлоқ хўжалиги, такомиллашган механизация, масофавий зондлаш, GIS/GPS учувчисиз учар қурилмаларидан фойдаланиш, робототехника, биотехнология, йирик маълумотлар ва сунъий интеллект таҳлилини қўллаш кабилар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, лойиҳа қишлоқ хўжалиги секторларида янги ташаббус ва ёндашувларни ишлаб чиқиш, синаб кўриш ва йўлга қўйишга ёрдам беради. Ҳукуматимиз томонидан ЮНEСКО ва Европа ?ттифоқи ҳамкорлигида йўлга қўйилаётган «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш» дастурининг 4 йилга мўлжалланган лойиҳаси умумий суммаси 9,6 миллион еврони ташкил қилади.

Азиз Абдуҳакимов бу каби ислоҳотларнинг бош мақсади ҳатто энг олис ҳудудлар ва қишлоқ жойларда ҳам маҳаллий аҳоли турмуш сифати ва фаровонлигини оширишдан иборат эканини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукумати бу йўлда халқаро ҳамкорлар билан яқиндан ишлашга доимо тайёр эканини маълум қилди.

Маълумот учун, 2018-2019 йилларда «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида қишлоқ аҳолиси турмуш шароитларини яхшилаш, 895 қишлоқ инфратузилмасини модернизациялаш ва ободонлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Аҳолининг 2020-2022 йиллардаги демографик ўзгаришлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, «Обод қишлоқ» дастури бўйича Ўзбекистондаги 800 қишлоқ таъмирланди ва ободонлаштирилди.

Бундан ташқари, бир қишлоқ, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини максимал намоён қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. «Туризм қишлоғи», «Туристик маҳалла» каби кўплаб лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши ўша ҳудуднинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Хорижий тажриба ва замонавий технологияларнинг жалб қилиниши эса бу йўналишдаги ташаббусларнинг муваффақиятида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net