Йил бошидан бери IT-Park резидентлари томонидан 6,1 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди

27.07.2020 10:13

ТОШКЕНТ, 27 июль. /“Дунё” АА/. Бу ҳақда бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қайд этилишича, дастурий маҳсулот ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Park)нинг резидентлари ҳисобланган 400 ташкилотда тўрт минг нафар мутахассис фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилотларнинг 14 таси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган бўлса, 54 таси янги очилган.

Йил бошидан бери IT-Park резидентлари томонидан 560 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 346 миллиард сўм, экспорт ҳажми 6,1 миллион долларни ташкил этди.

Тошкент шаҳрида IT-Park резидентлари сонини кўпайтириш ва етарли шароит яратиш мақсадида умумий майдони 408 минг квадрат метрга тенг ҳудудда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда IT-Park инфратузилмаси объектларини қуриш концепцияси ишлаб чиқилди. IT-Parkнинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан қўшма қарорлар имзоланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича бажариладиган вазифалар тасдиқланди.

Брифинг чоғида маълум қилинишича, IT-Parkнинг ҳудудий филиаллари бинолари Андижон, Фарғона, Сирдарё вилоятларида фойдаланишга топширилиб, Андижон филиалида 10 та ва Марғилон филиалида 7 та резидент фаолият юритмоқда. Шунингдек, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах шаҳарларида IT-Park филиали биноларини қуриш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

АКТ бозорини ривожлантириш, ?Т-экотизимини шакллантиришда бозорнинг профессионал иштирокчилари ўртасида кенг мулоқот олиб бориш, стартапларни амалга татбиқ этиш, бу йўналишда турли кўрик-танловлар, кўргазмалар ташкил қилиш ҳам доимий диққат марказида бўлиб келяпти. Шу мақсадда БМТ ваколатхонаси ва IT-Park билан биргаликда коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг оқибатларини енгиллаштиришга хизмат қилувчи инновацион ғояларни излаб топиш бўйича ёшлар ўртасида “Ковид Челленж 2020” (“COVID-19 Challenge 2020”) танлови ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш, ёрдамга муҳтож аҳолига кўмаклашиш, таълим, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби 8 та йўналиш бўйича 600 дан ортиқ ариза келиб тушди. Шулардан ғолиб деб топилган энг яхши 5 та лойиҳа эгаларига 42,5 минг доллар маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, тадбиркорлик ва туризм соҳалари бўйича талабалар ўртасида энг яхши мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича «mGovAward» биринчи республика танлови ўтказилмоқда. Танлов учун Бирлашган Араб Амирликлари томонидан 100 минг доллар ажратилган ва 3 та муносиб жамоа мазкур маблағ ҳисобидан рағбатлантирилади.

Америка Қўшма Штатларининг USAID агентлиги билан биргаликда IT-Park томонидан инкубация ва акселерация дастурлари ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қиймати 140 минг долларлик тадбиркорлик ва бизнес-муҳитни ривожлантириш лойиҳаси амалга ошириляпти.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net