Хитойдан қайтаётган юртдошларимиз махсус тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади - соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари

04.02.2020 17:11

ТОШКЕНТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев ЎзАга берган интервьюсида Хитойдан қайтаётган юртдошларимизнинг махсус тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиши ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда қайд этилишича, коронавирус эпидемияси бўйича дунёда юзага келган мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, ушбу касалликнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар кўриляпти. Хусусан, давлатимиз томонидан коронавирус инфекцияси туфайли хорижда, эпидемия ўчоғи ҳисобланган Хитойда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида улар юртимизга қайтарилмоқда. Юртдошларимиз жорий йил 4-5 февраль кунлари “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти махсус рейслари орқали Ўзбекистонга олиб келинади.

“Улар аэропортда кутиб олиниб, чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш ва вируснинг 14 кунлик инкубация даврида соғлиғини кузатиш мақсадида махсус тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади”, – дея маълумот берган Б.Юсупалиев.

Таъкидланишича, мазкур тиббиёт муассасаларида барча хизматлар бепул кўрсатилиб, санитария-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланади. Улар саломатлиги шифокорлар томонидан доимий назорат қилиб борилади. Тиббий кўрикдан ўтган ҳамда коронавирус аниқланмаган фуқароларга уйларига қайтишга рухсат берилади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари фуқароларимизнинг карантинда бўлишига қуйидагича изоҳ берди: “Хитойдан келадиган юртдошларимизнинг икки ҳафталик карантинда бўлиши нафақат ўзлари, балки улар яқинлари, қолаверса, бошқа фуқаролар соғлиғини хавф остига қўймаслик учун амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, буни барча яхши англайди”.

Бугунги кунга келиб ижтимоий тармоқларда юртимизда бу касаллик ҳақида ваҳимали, лекин ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқатилмоқда. Масалан, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманига Хитойдан қайтган бир талабанинг ушбу касалликка чалиниб, даволанаётгани бўйича маълумот келтирилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул раҳбари ушбу хабарни изоҳлар экан, унинг ҳақиқатдан йироқ, ёлғон маълумотлигини билдирди.

“Аслида, бу талаба оддий респиратор вирусли инфекцияси билан хасталангани аниқланди. Айни пайтда у тўлиқ даволанган ва соғломдир. Халқимизга шуни маълум қиламизки, бугунги кунга қадар юртимизда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани йўқ”, дейди у.

Шундай бўлса-да, бундай вазиятда хотиржамликка берилишга асос йўқ. Чунки коронавирус ҳаво томчи йўли орқали инсондан инсонга юқади. Бу эса эпидемияга қарши тадбирларни уюшқоқлик билан ташкил этишни талаб қилади.

Маълум қилнишича, вазирлик томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасаларида махсус жойлар ҳозирланган, керакли дори-дармонлар захираси яратилган. Чегараларда карантин ҳудудлари ташкил этилиб, у ерда эпидемиолог, инфекционист мутахассислар фаолияти йўлга қўйилган. Аэропортлар, темир йўл бекатлари ва бошқа чегара ҳудудларида тепловизорлар ўрнатилган.

“Бир сўз билан айтганда, юртимизда эпидемиологик вазият қатъий назоратга олинган. Шунингдек, қўшни давлатлар ва касаллик ўчоғи бўлган Хитой Халқ Республикасидаги шифокорлар билан эпидемиологик ҳолат бўйича маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган”, – деди Баҳодир Юсупалиев.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net