Хитойдан 250 нафар Ўзбекистон фуқароси чартер рейс билан Тошкентга қайтмоқда

04.02.2020 17:14

ТОШКЕНТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси берган маълумотга кўра, бугун маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:30 да (Тошкент вақти билан соат 11:30) “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг чартер рейси Пекин – Тошкент йўналиши бўйича парвозни бошлаган. Унинг бортида Хитойнинг қатор ҳудудларидан 250 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 13 нафар экипаж аъзолари ватанга қайтмоқда.

Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан Хитойдан қайтиб келаётган барча йўловчилар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади. У ерда карантин даврида малакали тиббиёт ходимлар кузатуви остида бўлади ҳамда барча зарур дори-дармон, тиббиёт воситалари ва тегишли озиқ-овқат билан бепул таъминланади.

Ухань шаҳридан ва Хитойнинг бошқа минтақаларидан олиб келинаётган Ўзбекистон фуқаролари касалликнинг инкубацион даври сифатида баҳоланаётган 14 кун давомида карантинда ушлаб турилади.

Шунингдек, 4 февраль куни махсус чартер рейс карантин ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун Ухань шаҳрига парвозни амалга ошириши режалаштирилган, дейилади Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборотида.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net