Хитой Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракатининг маҳбусларни озод қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади

27.05.2020 10:08

ТОШКEНТ, 27 май.  /«Дунё» АА/. Хитой Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракатининг маҳбусларни озод қилиш ва зўравонликни тўхтатиш бўйича чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди, - дея баёнот берди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзянь. 

«Синьхуа»  ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган хабарда келтирилишича, Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш ва тинчликка эришиш афғон халқининг асосий мақсадидир, деган Чжао Лицзянь. Бу саъй-ҳаракатлар минтақа мамлакатлари ва халқаро ҳамжамият аъзолари томонидан  кутилган қадам бўлди. Хитой томони Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракатининг асирларни озод қилиш ва зўравонликни камайтириш бўйича чораларини қўллаб-қувватлайди. Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакили Жавад Файсал 25 май куни Афғонистон ҳукумати «Толибон» ҳаракатининг 100 нафар тарафдорини қамоқдан озод қилгани, яқин орада яна 2000 кишини озод қилиш ниятида эканини маълум қилган эди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг сўзларига кўра, бу қадамлар Афғонистон ичидаги музокараларни олға суришга ва мамлакатда тинчлик ўрнатилишига ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 26-27 март кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари, дунё ва минтақанинг етакчи давлатлари, БМТ ва бошқа йирик халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ўтказилганди. Форум доирасида биринчи марта муқобил афғонлараро тинчлик жараёнини  йўлга қўйиш ҳақида келишувга эришилди.

Анжуман иштирокчилари Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай шартларсиз тўғридан-тўғри музокаралар бошланишини бир овоздан қўллаб-қувватлаганди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net