Халқларимиз азалий дўстлик йўлидан ҳеч қачон оғишмайди

05.06.2020 10:19

ТОШКЕНТ, 5 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси  ва Қирғизистон Республикаси чегара ҳудудидаги иккита қишлоқ аҳолиси ўртасида кузатилган ижтимоий масалага доир келишмовчилик, афсуски айрим хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан ошириб-тошириб, бўрттириб кўрсатилмоқда. Шукрки халқимиз бундайларнинг ортидан эргашмайди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида журналист, сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаровнинг ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий дўстлиги ва бугун ахборот маконида бу мавзу қандай ёриталаётгани ҳақидаги мақоласи нашр этилди.

   Қуйича ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этишни лозим билдик.

Тан олиш керак, Марказий Осиёда йиллар мобайнида давом этиб келган совуқ муносабатни яхшилашда Ўзбекистондаги ўзгаришлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари ўртасидаги мулоқотларни яхшилаш, чегараларни очиш, виза тартибларини бекор қилиш, халқлар ўртасида борди-келдини йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслари қўл келди,—деб ёзади А.Сойибназаров. — Дўстлик кўприклари тикланди, ишонч мустаҳкамланди. Халқаро валюта жамғармаси директори вазифасида ишлаган, айни пайтда Европа Марказий банкига раҳбарлик қилаётган Кристина Лагард Шавкат Мирзиёев ташаббусидан кейин минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ошганини эътироф этди. Аҳвол шу тарзда давом этса, минтақага киритиладиган инвестициялар оқими кескин ошиши башорат қилинди.

Афсуски, Сўхда – ўзбек ва қирғиз чегарадош ҳудудида икки халқ вакиллари ўртасида юз берган можаро барчамизни бирдек ташвишга солди.

Ўзбекистон қўшнилар учун доимо очиқ. Дунёнинг ҳар қандай мамлакати билан икки ва кўп томонлама алоқаларни ўзаро манфаатли асосда, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келган муаммоларни тинч, сиёсий ва дипломатик музокаралар йўли билан ҳал қилиш ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларидан.

Минтақадаги барча мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ечими фақат дўстлик, ҳамжиҳатлик ва халқаро муаммоларга ягона позицияда ёндашувга боғлиқ эканини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шундай эътироф этганди: “Ҳамма қўшнилар билан биз дўст бўламиз. Бошқа ниятимиз ҳам йўқ. Албатта, кўп-кўп муаммолар бор, лекин одамзот шунинг учун, раҳбарият шунинг учун борки, бу муаммоларни ақл билан, ирода билан, вазминлик билан ечиш керак... Ҳар бир давлатнинг ўз нияти, ўз халқи, ўз истаклари бор. Шунинг учун биз дўстлик нуқтаи назаридан, самимийлик нуқтаи назаридан, биродарлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан фақат дўст, дўст ва яна бир марта дўст бўламиз».

Ўзбекистон ўзи ҳам коронавирус эпидемиясини жиловлашга уринаётганига қарамай, Афғонистон, Қирғизистон, Эрон, Хитой каби кўплаб мамлакатларга тиббий ниқоблар, вирусдан ҳимояловчи кийимлар, тест тизимлари, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Айни муносабат ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Марказий Осиëнинг коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиëев муттасил равишда узоқ ва яқиндаги қўшнилар раҳбарлари билан мунтазам телефон орқали мулоқотлар ўтказмоқда.

Ҳеч иккиланмасдан айтиш жоиз, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Қирғизистон асосий йўналиш сифатида устуворлик касб этади. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг сўнгги 3-4 йилдаги олий даражадаги учрашувлари туфайли давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида сунъий тўсиқлар бартараф этилди, чинакам борди-келди тикланди.

2016 йил охирида Андижон ва Ўшда бўлиб ўтган расмий делегациялар учрашувларидан сўнг икки республика ҳукуматлари энг асосий муаммо – чегаралар демаркацияси ва делимитацияси борасида мураккаб ишни амалга оширишга киришди. Томонлар ўртасидаги сўнгги келишувлар бу масалада сезиларли равишда олға қадам ташланганидан гувоҳлик бериб турибди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов таъкидлаб ўтганидек, 2018 йил апрель ойидаёқ «Қирғизистон билан ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари бўйича олдинга қадам ташланди, хусусан, чегаралар демаркацияси ва делимитацияси каби қийин, нозик масалада ҳам. Бугунга келиб деярли минг километр чегара белгилаб бўлинди».

Дарҳақиқат, умумий узунлиги 1 минг 370 километрни ташкил этувчи Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасининг бугунгача 92 фоиздан кўпроғи бўйича келишиб олинган. Тошкент ҳам, Бишкек ҳам муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳаракатларни дадил давом эттиряпти.

Муз ҳақиқатан жойидан кўчгани ойдинлашди. Нафақат чегараларни демаркация қилиш, балки фуқароларнинг чегараларни кесиб ўтиши борасида ҳам силжиш кузатилди. Яқин-яқинда чегара олди низолари сабаб тез-тез тўқнашувларга дуч келган давлатлар учун бу олдинга ташланган катта қадамдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи икки мамлакат раҳбарлари томонидан Самарқандда эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ривожида янги саҳифа очгани билан тарихий аҳамият касб этди. Буни нафақат расмий доиралар вакиллари, балки оддий қирғизистонликлар ҳам эътироф этди. 

?жтимоий тармоқларда қирғизистонлик фойдаланувчилар «Халқларимиз ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин», «Ўзбекистон Президентининг ташрифи йилнинг энг яхши янгилигидир», «Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва Қирғизистон ҳукумати бу ҳамкорликни давом эттириш учун барча шароитни яратиши керак», деган фикрларни ёзди. ?кки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг «Данакер» ордени билан мукофотланди. 

Юксак давлат мукофотларидан бўлган ушбу орден халқлар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, миллатлараро тотувликни асраш, илм-фанни ривожлантириш, миллий маданиятларни яқинлаштириш ва бойитишга катта ҳисса қўшган инсонларга берилади. “Данакер” – яраштирувчи деган маънони англатади.

Тўғрисини айтиш керак, 1991 йилдан бу ёғига ўзбек-қирғиз муносабатлари бир текис кечмади. Мавжуд муаммоларга қарамай, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон Қирғизистонга 100 миллион долларлик кредит ажратди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари телефон мулоқоти орқали “Чашма” чегара олди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидлади. Ҳукумат делегациялари ўтказган музокараларнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси ҳамда Чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди. Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Чечме (Чашма) чегара олди ҳудудида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари биргаликда жамоат тартибини сақлаши ва чегарани қўриқлаши бўйича чоралар кўришга келишиб олинди.

Албатта, келишган, бирлашган яхши. Халқимизда яхши бир нақл бор: “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон бошлаб берган интеграция ташаббуси, шу жумладан, Президентларнинг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, турли жанжаллар ва адолатларга барҳам бериш борасидаги интилишлари халқларимизнинг азалий орзу-армонларини рўёбга чиқариш йўлида олиб борилаётган савобли юмушлардир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net