Вазирлар ва ҳокимлар Президентнинг коронавирус пандемиясига қарши курашишга оид фармон ва қарорлар ижроси бўйича ҳисобот беради

27.05.2020 10:06

ТОШКЕНТ, 27 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу даврда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари томонидан жойларда ушбу қарорлар ижросини ташкил этиш оқсаётгани, яратилаётган шароит ва имтиёзларни фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етказилмаётгани танқид қилинди.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари вакилларига жойларда халқ депутатлари кенгашлари билан бирга Президентнинг пандемияга оид қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

— Туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари, вазирлар ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари, парламент вакиллари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб борсин, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ўринда таъкидлаш керакки мамлакатимизда карантин чораларини юмшатиш туфайли 19 мингдан зиёд (91 фоиз) саноат, 9 мингта (76 фоиз) қурилиш, 51 мингта (52 фоиз) хизмат кўрсатиш, 45 мингта (44 фоиз) савдо корхоналарининг фаолияти тикланди.

Бунинг натижасида май ойида солиқ ва божхона тушумлари ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 230 миллиард сўмга, товар-хом ашё биржасида қурилиш материаллари савдоси ҳажми эса 20 фоизга кўпайди.

Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш ҳажми ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net