“Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида

12.08.2021 12:05

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимизнинг салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш мақсадида:

1. Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” марказининг улар муассислигидаги нодавлат нотижорат ташкилоти – “Ватандошлар” жамоат фондини (кейинги ўринларда – Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Фонд фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин:

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, ватандошлар истиқомат қилаётган мамлакатларнинг қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;

хорижда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш;

ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш;

хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларимизнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш;

ривожланган хорижий давлатларда яшаб келаётган олим ва ижодкор ватандошларимизнинг юртимиз нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;

хорижда ватандошлар томонидан ташкил этиладиган нуфузли тадбирларда мамлакатимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, фан арбоблари, диний уламолари, маданият ва санъат вакиллари, спортчилари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид маълумотлар билан таъминлашга қаратилган интерфаол электрон портални юритиш;

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар дуч келаётган муаммоларни тизимли асосда таҳлил қилиб бориш ва уларнинг ечими юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш; 

миграция ва таълим соҳаларида шартномавий-ҳуқуқий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли давлат органларига киритиб бориш;

Фонд Уставига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга ошириш.

3. Қуйидагилар:

“Ватандошлар” жамоат фондининг васийлик кенгаши (кейинги ўринларда – Фонднинг Васийлик кенгаши) – Фонднинг олий органи; 

Васийлик кенгаши томонидан шакллантириладиган Фонд Бошқаруви – Фонднинг ижро органи ҳисобланиши инобатга олинсин.

4. “Ватандошлар” жамоат фондининг васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Фонднинг Васийлик кенгашига:

бир ой муддатда Фонднинг Устави, ташкилий тузилмаси ва Фонд Бошқаруви аъзоларини тасдиқлаш, шунингдек, Фонд Бошқарувини малакали кадрлар билан тўлдириш; 

ҳар йили Фонд маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, даромад ва харажатлари бўйича прогноз кўрсаткичларни тасдиқлаш;

Фонд зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, ҳомийларни жалб этиш тавсия этилсин.

6. Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

давлат субсидияси ва давлат ижтимоий буюртмаларидан келиб тушадиган маблағлар;

муассислар томонидан ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

юридик ва жисмоний шахслар, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;

Фонд маблағларини тижорат банкларида депозитга қўйишдан олинадиган даромадлар;

Фонднинг тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда);

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига ҳар йили асосланган буюртманома асосида Фонднинг асосий вазифаларини бажариш доирасидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш учун субсидия шаклида зарур маблағлар ажратилишини таъминлаш тавсия этилсин.

8. Фондни ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағ сифатида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 5 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилсин.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган маблағ:

бир ой муддатда Молия вазирлиги томонидан муассислардан бири сифатида ўз номидан Фондга ўтказилади;

Фонд жойлаштириладиган хизмат хоналарини таъмирлаш, уларнинг зарур техника билан жиҳозланиши, автотранспорт воситалари, офис анжомлари, мебель ва алоқа воситалари билан таъминланиши, шу жумладан кенг полосали ?нтернет жаҳон ахборот тармоғига уланиши, шунингдек, тижорат банклари депозитларига маблағ қўйиб, даромад олиш учун сарфланади.

9. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш шартларига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тенглаштирилсин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда мазкур бандни амалга ошириш мақсадида қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Ш.Ш. Миноваров ва А.А. Абдувахитов – Фонднинг фаолиятини самарали ташкил этиш, ушбу масалада барча давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришда;

Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти (М.А. Хайриддинов) – Фонднинг хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларини амалга оширишда;

Ташқи ишлар вазирлиги (Ф.Н. Арзиев) – Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари орқали Фонднинг хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда хориждаги тадбирларни ташкил этишда;

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (Р.Ж. Курбанов) – Фонднинг ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан алоқаларини йўлга қўйишда, шунингдек, хорижий давлатларда фаолият юритаётган ўзбек миллий маданий марказлари ва жамиятлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда;

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х.Шерматов) – Фонд маблағлари ҳисобидан хорижда ўзбек тилида таълим олиб бориладиган мактаб ўқувчиларини дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш, педагог ходимлар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда мактабларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлашда;

Маданият вазирлиги (О.А. Назарбеков), Бадиий академия (А.В. Нуриддинов), Ёзувчилар уюшмаси (С.С. Саидов) – хорижда ватандошлар билан биргаликда ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда ҳамда уларда маданият ва санъат вакиллари, таниқли ёзувчи ва шоирларнинг иштирок этишини Фонд маблағлари ҳисобидан таъминлашда;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашивилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Б.Н. Абидов), ?нновацион ривожланиш вазирлиги (?.Ю. Абдурахмонов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х. Тошкулов) – Фонд томонидан республика ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга жалб қилинган ватандошларга тегишли лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.

11. Ташқи ишлар вазирлиги бошқа муассислар ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Фонднинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

12. Фонднинг Васийлик кенгашига икки ой муддатда Фонднинг 2021 йилга мўлжалланган фаолият дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.

13. Фонд Ташқи ишлар вазирлиги биносига вақтинчалик текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

14. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фонднинг мурожаатига асосан, уни телекоммуникация хизматлари, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.

15. Ташқи ишлар вазирлиги бошқа муассислар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар қилиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.А.Хайриддинов ва ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Н.Арзиев белгилансин. 

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Ш.Ш. Миноваров ва А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                             Ш.Мирзиёев

Тошкент шаҳри

11 август.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net