Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси томонидан ташкил этилган вебинарда Covid-19ни даъволашда халқаро тажриба масалалари муҳокама қилинди

04.08.2020 18:23

БЕРЛ?Н, 4 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллиги ва Андижон давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда «Covid-19: Микробиом – дўст ва душман» мавзуида халқаро онлайн вебинар ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассосиацияси вакиллари, Андижон давлат тиббиёт институти ва мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда ёш тадқиқотчилар қатнашди.

Калифорния университети (АҚШ) тиббиёт кафедраси профессори, вирусолог олим Мавлон Тўғизов, Германиянинг Лейпциг қишлоқ хўжалигини ландшафтлаштириш илмий тадқиқот маркази етакчи илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, микробиолог Дилфуза Эгамбердиева маърузалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Экспертларнинг фикрига кўра, жаҳонда кузатилаётган коронавирус пандемияси ҳали давом этади, одамлар ушбу касаллик билан яшашни ўрганиши лозим. Айни пайтда карантин қоидаларига тўла амал қилинсагина, янги касалланиш ҳолатлари камайишига эришиш мумкин.

Тадбирда мутахассислар Covid-19га қарши вакцина яратиш борасида қатор изланишлар олиб борилаётгани, аммо якуний натижага ҳозирча ҳеч ким эришмаганини таъкидлади. 

Шунингдек, анжуманда тиббиёт соҳасида таълим олаётган ёшлар ўз билим ва малакасини ошириш ҳамда хориждаги ватандошлар билан жаҳон тиббиётида кузатилаётган ўзгаришлар хусусида тажриба алмашиб туриш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Вебинар кун тартибидаги масалалар бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Бу жараён икки томон учун ҳам фойдали бўлди. ?штирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига эксперт-спикерлардан жавоб олди.

Таъкидлаш жоизки, элчихона томонидан ташкил этилаётган  бундай илмий вебинарлар мамлакатимиз профессор-ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчилар учун Европа ва дунёнинг ривожланган давлатларида ўз илмий фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз тўплаган бой тажриба билан яқиндан танишиш, ўрганиш учун платформа вазифасини ўтамоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net