Ўзбекистонлик саккиз нафар бемор бола Германияда бепул даволанади

12.02.2020 13:55

ТОШКЕНТ, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Бугун “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия фондининг навбатдаги соғломлаштириш дастури асосида 8 нафар турли даражада куйиш асоратларига эга бемор бола Германия клиникаларида даволаниш учун ?слом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортидан Германияга жўнаб кетди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кам таъминланган оилалардаги бемор болаларга ижтимоий ва тиббий жиҳатдан кўмак бериш, ногирон болаларни соғломлаштириш, уларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш каби махсус дастурларни амалга ошириб келмоқда.

2002 йил “Соғлом авлод учун” фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланганди. Мазкур битим доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. 2002-2019 йиллар давомида 387 нафар ўзбекистонлик бемор бола терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари муаммолари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанган.

2003 - 2019 йилларда ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобидан республика бўйича қарийб 6 минг 200 ногирон болада жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Жумладан, 31 нафар терининг куйиш асоратлари бўлган бемор болада хорижда пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилган ва улар соғломлаштирилган.

Навбатдаги дастур доирасида Германияга даволаниш учун кетаётган 8 нафар турли фалокатлар сабаб, оғир тери куйиш асоратлари бўлган бола аэропортда ўз ота-оналари билан ҳайрлашишди.

- Набирам Холида 2015 йил иссиқлик манбаидан 85 фоиз даражадаги оғир куйиш сабабли қарийб 2 ой давомида Термиздаги 16-шаҳар шифохонасининг жонлантириш бўлимида ҳаёт учун курашди , - дейди Зиёдилла Шодиев. - Оила аьзолари оғир дамларни бошдан кечирди. Юз қисмининг ярми ва тананинг қолган қисмлари куйиш сабабли чандиқлар қолган. Аввало, Яратганга шукрларким, малакали шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли набирамизнинг омон қолганлигининг ўзи бир бахт. Мамлакатимизда ёшларнинг саломатлигига қаратилаётган катта эътибор, шунингдек, “Соғлом авлод учун” халкаро хайрия фондининг амалий кўмагида бугун неварамнинг даволаниш учун Германияга кетаётгани нафақат оиламизда, балки жажжи неварам қалбида ҳам ёрқин келажак сари яна умид учқинларини  яшнатиб юборди. Неварам яна орзулар қила бошлади. Келажакда малакали шифокор бўлишни бугун мақсад қилган. Бобо сифатида бундай ҳаяжонли вазиятларни бир сўз билан ифодалашим қийин. Бунинг учун мамлакатимиз раҳбарияти ва ҳомийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.    

Хабар қилинишича, сафарга отланган болалар 6 ойдан 3 йилгача муддатгача бўлган даврда даволаниб, она юртга қайтади. Уларнинг парвозида фонд вакиллари ҳамроҳлик қилади.

Шунингдек, 16 февраль куни 9 нафар Германияда даволаниб бўлган болаларни ўз ота-оналари бағрига қайтариб олиб келиш фонд масъул вакиллари томонидан режалаштирилган.

Ҳасанбой ОРТ?ҚОВ,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net