Ўзбекистонда илк бора юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди

19.01.2021 10:57

ТОШКЕНТ, 19 январь. /«Дунё» АА/.  Бугун мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистонда юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Кенгаш йиғилиши Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан «Zoom» онлайн платформасида ташкил этилди.

Анжуманда Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А.Саидов, Давлат ва ҳуқуқ институти директори А.Тулаганов, профессорлар Ж.Тошқулов, Р.Ҳакимов, О.Оқйўлов, Ф.Отахонов, М.Рустамбоев, М.Тиллабоев ва бошқалар иштирок этди.

Онлайн-тадбирда Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган ҳамда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлардан келиб чиқиб Кенгашнинг жорий йилда амалга ошириши лозим бўлган устувор вазифалари кўриб чиқилди.

Жумладан, мамлакатимизда академик ҳуқуқий тадқиқотлар даражасини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг кейинги истиқболларини белгилашга оид ҳуқуқий илмий ишланмалар самарасини кўтариш, юридик фанлар бўйича тадқиқотлар мавзуларининг рўйхатини шакллантириш, Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Давлат ва ҳуқуқ институти, давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Маълумот учун: Мувофиқлаштирувчи кенгаш — доимий равишда фаолият юритадиган, муҳокама қилувчи, маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. Кенгаш, шунингдек, илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар беради ва тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net