Ўзбекистонда давлат бошқаруви органлари фаолияти «фуқарога хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилинади

10.01.2022 10:00

ТОШКЕНТ, 10 январь. /«Дунё» АА/. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида қайд этилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Фармон лойиҳаси «Йўл харитаси»га кўра, Вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартиби, уларни бир-биридан фарқловчи мезонларни назарда тутувчи ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиб, амалдаги давлат бошқаруви тизимини қайта кўриб чиқилади. Давлат бошқаруви органларининг штат бирликларини оширишга чеклов ўрнатишнинг тартибини ҳамда кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезонлари белгиланади.

Шунингдек, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчилик жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Ҳужаатда вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишлари «Давлат – халқ хизматчиси» тамойили асосида фуқарога хизмат қилишга йўналтириш назарда тутилган.

Лойиҳанинг 5-мақсади ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш мезонларини қамраб олган.

Унга кўра, вазирлик ва идоралар раҳбарларига ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ўзлари мустақил ҳал этиши учун зарур шароитларни яратиш, қабул қилинаётган қарорларнинг улар томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш вазифалари юклатилади.

Қайд этилишича, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизим жорий этилади.

Бундан ташқари вазирлик ва идораларда иш юритиш ва маъмурий бошқарув жараёнлари сифати янада  такомиллаштирилади.

Президент фармони лорйиҳасида, шунингдек, давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштириш каби вазифлар ҳам режалаштирилган.

Жумладан, хусусий секторга ўтказиладиган айрим давлат функциялари сонини 3 баробарга ошириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этилади. Давлат бошқарувини номарказлаштириш ишларини жаддаллаштириш ҳамда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланади.

Ҳудудларни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишда барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг ишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари кучайтирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net