Ўзбекистонда аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида ипотека кредити бозори янада кенгайтирилади

15.05.2020 17:20

ТОШКЕНТ, 15 май. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 1 май куни Президентимиз томонидан қабул қилинган «Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолини уй-жой билан таъминлашда уларга қатор енгилликлар яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур ҳужжат пандемия даврида аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, ипотека кредити бозорини, шунингдек, хусусий пудрат ташкилотларининг уй-жой қуриш фаолиятини янада рағбатлантиришни кўзда тутади.

Мазкур қарор билан аҳолига (жисмоний шахсларга) ажратиладиган ипотека кредитлари муддати (шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) 15 йилдан 20 йилга узайтирилди.

?потека кредитлари муддатининг узайиши, асосий ва унга ҳисобланган ойлик фоиз тўловларининг камайишига, бу эса ўз навбатида, аҳолининг ойлик даромадларини қолган қисмини бошқа зарурий кундалик эҳтиёж ва жамғармалар учун йўналтиришига хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий йил 1 декабрга қадар тажриба тариқасида жисмоний шахсларга ажратилган ер участкаларида уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун ипотека кредитлари ажратилади. Бу эса аҳоли ўзлари учун мақбул бўлган жойларда уй-жой қуриш ва қайта қуришига молиявий томондан шароит яратишда муҳим қулайлик ҳисобланади.

Шаҳарларда ва Тошкент шаҳрида ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш учун уй-жой ҳисобланган қийматнинг 10 фоизи миқдорида субсидиялар тўланади.

Шу билан бирга, қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан 2020-2021 йиллар давомида маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан мазкур ҳудудда субсидиялар сонини 1,3 бараварга ёки суммасини 40 фоизгача оширишга рухсат берилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдики, сўнгги йилларда ипотека бозорида тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларга бўлган талабнинг ортиб бориши тенденцияси кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда пардоз ишлари амалга оширилмасдан қурилган уй-жойларга Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган ресурслар ҳисобидан ипотека кредити берилиши жорий этилди. Бу аҳолининг уй-жойларни ўзига қулай дизайн асосида пардозлашга шароит яратади.

Хўш қарорда уйларни қураётган хусусий пудрат ташкилотлари учун қандай қулайлик ва имтиёзлар кўзда тутилган? Қарор билан 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига шаҳар ва қишлоқ жойларида 4 ва ундан юқори қаватли ҳамда Тошкент шаҳрида 7 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратилган кредитларнинг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилиши тартиби жорий этилмоқда.

Шунингдек, жорий йил 31 декабрга қадар хусусий пудрат ташкилотларига Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 1,75 бараваридан ёки суммаси 20 миллард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдордаги миллий валютада ажратилган кредитлар фоизининг асосий ставкадан ошган, лекин 10 фоизлик банддан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тўланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net