Ўзбекистон вакиллари Германия Бундестаги дастурида иштирок этди

24.07.2020 11:49

БЕРЛ?Н, 24 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонаси ташаббуси билан 2020 йил Ўзбекистон биринчи маротаба Германия Бундестагининг Халқаро парламент стипендияси (IPS) дастурига киритилган эди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

         Дастурда Ўзбекистон ва Германия ўртасида парламентаризм алоқаларини янада ривожлантириш, ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг кенгайишига кўмак бериш назарда тутилган.

Самарқанд давлат чет тиллари институти магистранти Жамшид Каримов,  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили Маҳкам Ҳамидов ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Олий дипломатия мактаби бош мутахассиси Шаҳбоз Ёдгоров танловда ғолиб чиқиб, жорий йил март-июль ойларида IPS дастурида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Юртдошларимиз 1 мартдан Берлин шаҳрида IPS доирасида амалиётни бошлади. Бироқ март ойининг ўрталарида дунёнинг барча мамлакатлари қатори Германияда ҳам коронавирус пандемияси юз берганлиги сабабли мазкур дастур ҳам ўрнатилган чеклов талабларига мослаштирилиб, айрим ўзгартиришлар киритилган ҳолда ташкил этилди. Шунга қарамасдан иштирокчилар кўзда тутилган барча вазифаларни муваффақиятли адо этиб, ўзларининг назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлади, IPS сертификатларини қўлга киритди. Юртдошларимиз пайшанба куни  чартер рейси билан Тошкентга қайтди.

Мазкур дастур иштирокчилари «Дунё» ахборот агентлигининг Берлиндаги мухбирига берган интервьюларида  ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

— Ўзбекистонлик ёшларга IPSда биринчи бор қатнашиш учун имконият яратилганлиги сабабли, танловдан ўтишга жиддий тайёргарлик кўрган эдим, — дейди Маҳкам Ҳамидов. — Лойиҳа доирасида Германия Бундестаги фаолияти билан танишдик, мамлакатда парламентаризм, плюрализм, сиёсий партиялар ва демократик институтлар фаолияти масалаларига бағишланган кўплаб онлайн учрашувлар, видеоконференциялар ва симуляцион тренингларда қатнашдик. Шунингдек, Берлин Гумбольдт университетида ҳам онлайн семинар ва маърузалар ўтказилди.

Мазкур дастур орқали миллатлараро алоқалар ва халқ дипломатияси ривожланади ва мустаҳкамланади, десам муболаға бўлмайди. Биз турли тақдимотлар орқали ташкилотчилар ва иштирокчиларни Ўзбекистон тўғрисидаги маълумотлар билан батафсил таништиришга ҳаракат қилдик.

— Ўзбекистон вакиллари мазкур дастурда биринчи маротаба қатнашганлиги сабабли кўплаб тадбирларда давлатимизни таништириш учун биринчи бўлиб сўз бизга берилди, - деди стипендиат Шаҳбоз Ёдгоров. — Турли мамлакатлардан келган стипендиатлар орасида биринчи бўлиб сўзга чиқиш мен ва юртдошларим учун улкан шараф бўлди.

Амалиёт доирасида биз демократик давлатларда депутатлар зиммасига юклатилган катта масъулият, парламент, сиёсий партиялар ва фракциялар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат экани билан бевосита танишдик.

— Мен учун Германия Бундестагининг Халқаро парламент стипендиясини қўлга киритиш ва биринчилардан бўлиб Ўзбекистон номидан ушбу дастурда қатнашиш улкан масъулият бўлди, — дейди Жамшид Каримов. — IPSнинг асосий мақсади сиёсатга қизиқувчи истиқболли ёшларни дастур доирасида олган билим ва тажрибаларини ўз юртларида демократик жараёнларни янада мустаҳкамлашга йўналтиришига қаратилган. Шу маънода, мен учун ҳам мазкур курсда қатнашиш жуда фойдали бўлди ва, ўйлайманки, бу келгусида ватанимизда амалга оширилаётган парламентаризм тизимини янада такомиллаштиришга ўз ҳиссамни қўшишимга ёрдам беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net