Ўзбекистон ва Финляндия: коррупцияга қарши курашишдаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

25.01.2021 14:30

ТОШКЕНТ, 25 январь. /«Дунё» АА/. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ва Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Марья Лиивала ҳамда ушбу давлат адлия вазири маслаҳатчиси Марина Веналайнен  ўртасида онлайн-мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Агентлик маълумотига кўра, йиғилишда Ўзбекистон ва Финляндияда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, фаолият йўналишлари, муаммолар, амалга оширилаётган ва режалаштирилган вазифалар тўғрисида ўртоқлашилди.

Бундан ташқари йиғилишда коррупцияга қарши курашишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини шакллантириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Финляндияда коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланган Адлия вазирлиги вакили Ўзбекистон давлат хизматчилари учун коррупциянинг олдини олиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ҳамда шу асосда вебинар ва семинарлар ўтказиш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди. 

Маълумот учун: Финляндияда коррупцияга қарши курашиш фаолиятига бир нечта вазирлик ва идоралар масъулдир. Финляндия Transparency International халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича 180 мамлакат орасида 3-ўринда туради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net