Ўзбекистон Миллий архиви кутубхонасига 167 йиллик Қуръон нусхаси топширилди

01.09.2020 15:17

ТОШКЕНТ, 1 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Миллий архивида “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб “Мустақил юрт архивлари: муаммо ва ечимлар” мавзуида илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда соҳа ходимлари, чет эллик мутахассислар ва тадқиқотчилар ўз маърузалари билан масофадан туриб иштирок этди.

 Анжуман аввалида Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи юртдошимиз Муножат Эшонова уйида сақлаб келаётган қадимий, араб тилида ёзилган, 167 йиллик тарихга эга “Каломи Шариф” Қуръони нусхасини Ўзбекистон Миллий архиви кутубхонаси фондига топширишига бағишланган маросим ўтказилди.

 Маълумот учун айтиш мумкин, Қуръонни Каримнинг мазкур нусхаси Муҳсин Солиқ ўғлининг саъй-ҳаракати билан Қозон университети босмахонасида чоп этилган. 550 саҳифадан иборат. Эндиликда у қайта реставрация қилинади.

Анжуманда мустақиллик йилларида архив соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар, эришилган ютуқлар ва асосий натижалар, юқори малакали архивчиларни тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди. Архив бошқаруви тизимининг электрон архивларини яратиш ва жорий этиш ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди.

– Мустақилликкача бор-йўғи 50 га яқин давлат архиви бўлган, – деди “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов. 

– Ўша даврда архив биноларига умуман эътибор берилмаган. Архив дейилса, барчанинг кўз ўнгига эски, хароба жой келган. Ўша вақтлардаги архивларнинг моддий-техник базасини гапирмаса ҳам бўлади. 

?стиқлолга эришгач архивларнинг биноси ва моддий-техник базаси тубдан ривожлантирилди. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат архивлари сони 200 га яқинлашди. Уларда доимий сақланаётган ҳужжатлар 8,5 миллиондан ошган. Бу ҳужжатларнинг ичида энг тарихий, қимматлиси IX асрга оид ҳисобланади.

 Анжуман архивчилар ва олимларнинг тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, архивлар, музейлар ва кутубхоналар ишларини бирлаштириш учун ўзига хос майдонга айланди. Етакчи мутахассислар архив соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди, ўз ишларининг натижалари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, тарихчи олимлар архив материаллари асосида маърузалар қилди.

 Анжуман якунида тизимда фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимлар жорий йилда таъсис этилган “Соҳа ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net