Ўзбeкистон - Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий ташаббускори

21.07.2020 14:02

Ўзбекистон 1991 йил мустақилликка эришгандан сўнг дунё ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси сифатида ўзининг мустақил ташқи сиёсатини амалга ошира бошлади. Ўтган 30 йил мобайнида ўзбек дипломатияси катта йўлни босиб ўтди. Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 134 мамлакати билан дипломатик алоқаларни ўрнатган ва хорижий мамлакатларда 35 та элчихона, 17 та бош консулхона ва халқаро ташкилотлар ҳузурида 3 та доимий ваколатхона фаолият олиб бормоқда.

2017 йилдан бошлаб ўзбек дипломатиясида сифат жиҳатдан бутунлай янги саҳифа очилиб, республикамизнинг халқаро майдонда олиб бораётган фаолияти янги босқичга чиқди, деб айтиш мумкин. Бунинг асосоий сабаби – мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган дунёга очиқлик сиёсати, биринчи навбатда яқин қўшниларимиз, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилди. Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсатда амалга оширилиши мўлжалланган биринчи навбатдаги вазифалар хусусида БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Чорак асрдан кўпроқ вақт давомида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида бир қатор муаммолар вужудга келган эди. Сув-энергетика ресурслари ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация қилиш ва чегара пунктларини кесиб ўтиш кабилар шулар жумласидандир.

Танланган янги ташқи сиёсат йўналишига мос равишда, Ўзбекистон раҳбари сўнгги 3 йил мобайнида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан минтақавий хавфсизлик, тинчлик ва осойишталик ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётга оид долзарб масалаларни биргаликда ҳал этишга қаратилган конструктив мулоқотни олиб бормоқда.

Президентнинг Парламентга ҳар йили мурожаат қилиш амалиёти дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд. Унда яқин келажакда амалга оширилиши керак бўлган стратегик мақсад ва вазифалар белгилаб берилади. Ўзбекистон тарихида биринчи марта республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил декабрь ойида Олий Мажлисга мурожаат қилди ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши яқин қўшнилар билан конструктив мулоқот ва кучли ташқи сиёсат олиб бориш эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ривожланишининг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши очиқ, конструктив ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат олиб боришни, шу жумладан, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик камарини яратишни кўзда тутади. Бу Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ҳамкорлик мамлакатимиз учун жуда муҳим эканини яна бир бор кўрсатади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, минтақадаги барча давлатлар ўртасидаги муҳим бўғин ҳисобланади ва минтақавий ҳамкорликнинг асосий катализатори бўлиб ҳисобланади. Сўнгги 3 йил мобайнида олиб борилган мулоқот натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги ишонч муҳити яратилди, дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатлар мустаҳкамланмоқда. 2017 йилдан буён мамлакатимиз ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ва минтақада хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча йўналишларда очиқ ташқи сиёсат олиб бормоқда.

Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ишончни кучайтириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этишнинг муҳим механизми сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрь ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашув учрашувларини ташкил қилишни таклиф қилди ва бу ташаббус минтақа мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви 2018 йил 15 март куни Остонада (ҳозирги Нур-Султон) бўлиб ўтди. Саммитда сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиё нафақат географик ва геосиёсий, балки ягона маданий ва цивилизация маконидир, дея эътироф этилди.

2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош ассамблеяси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш" резолюциясини қабул қилди. Европа, Америка, Осиё ва Африканинг 55 мамлакати ҳужжатга ҳаммуаллифлик қилди ва резолюция БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Резолюция Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдаги, шунингдек минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим ролини эътироф этади.

Ҳужжатда Бош ассамблея Марказий Осиё давлатларининг минтақада барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаши таъкидланган.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашув учрашувларини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусларини мамнуният билан қайд этган ҳолда, резолюция минтақанинг долзарб муаммоларини биргаликда ҳал қилиш учун бундай маслаҳат майдонидан самарали фойдаланишга чақиради.

2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ?ккинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари трансчегаравий сувлардан фойдаланиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, чегараларни тартибга солиш ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар. Тошкентда бўлиб ўтган маслаҳат учрашуви Ўзбекистон янгиланиш ва минтақавий ҳамкорлик йўлидан боришни давом эттираётганлигини намойиш этди. Минтақа давлат раҳбарларининг кейинги учрашувини Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 72 сессияси минбаридан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда муҳим амалий қадамлардан бири - бу 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» мавзуидаги анжумандир. Унда Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари бошчилигида делегациялар, МДҲ, Европа, Осиё ва Америкадан келган юқори мартабали расмий делегациялар, 10 дан ортиқ халқаро ташкилотнинг раҳбарлари, шунингдек 100 дан ортиқ хорижий эксперт ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Анжуманда Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё чегара ҳудудлари ҳокимлари ва ишбилармон доиралари уюшмаларини тузиш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббус ҳозирда чегара ҳудудларида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда ўз ифодасини топмоқда.

Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун Ўзбекистон қўшни Афғонистондаги можарони ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда. Ушбу мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида муҳим шартномалар имзоланди, янги иқтисодий лойиҳалар бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Тинч Афғонистон Марказий Осиё мамлакатларига Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига чиқиш имкониятини беради ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёни Европа бозорлари билан бирмунча арзон ва қулай йўл билан боғлайди.

Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил 27 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида юқори даражадаги Тошкент халқаро анжумани бўлиб ўтди. Унда Афғонистон ?слом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афгъонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, шунингдек АҚШ, Буюк Британия, Германия, ?талия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари, 25 та давлат ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Анжуман якунлари бўйича Тошкент декларацияси имзоланди. Ушбу ҳужжат минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик муносабатларини янада кенгайтириш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этди.

Ўзбекистон Афғонистон билан муносабатларни ривожлантиришни давом эттиради, ушбу мамлакатда вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда бундан буён ҳам фаол иштирок этади. Ўзбекистон томони Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, унинг транспорт, ишлаб чиқариш, энергетика ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Зеро, барқарор ва гуллаб-яшнаётган Афғонистон Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик барқарорликнинг муҳим омилларидан биридир.

Шу билан бирга, глобал тусга эга бўлган экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик ва қурол контрабандаси муаммолари билан чамбарчас боғлиқ бўлган халқаро терроризмга қарши кураш ҳозирги давримизнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу йўналишда ШҲТ доирасида яқин ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Шу ўринда Президентимиз дунё аҳолисининг катта қисмини ташкил этадиган ёшларни экстремизм ва радикализм таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини янада тўлароқ таъминлаш борасида қатор ташаббусларни илгари сурганлигини таъкидлаш жоиз. Жумладан, давлатимиз раҳбари ёшларни ушбу салбий таъсирлардан ҳимоя қилишда “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилини ўртага ташлади ва БМТ Бош ассамблеясининг 72 сессиясидаги нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резолюцияни ҳамда Ёшлар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳақидаги резолюция 2018 йил декабрь ойида БМТ Бош ассамблеяси томонидан якдиллик билан қабул қилинди ва Ёшлар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенция бўйича ишлар қизғин давом этмоқда. Бу эса Президентимизнинг ташаббуслари нақадар долзарб халқаро аҳамиятга эга эканлиги ва уларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

Минтақанинг барча мамлакатларида бевосита денгизга чиқиш йўллари йўқлиги сабабли, қуруқлик транспортини ривожлантириш ва транзит салоҳиятни ошириш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг экспорт географиясини ва қўшни давлатлар билан транспорт йўлаклари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Президентимиз 2018-йилда Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро анжуман ўтказиш таклифини билдирди. Унда дунёнинг 37 мамлакатидан ва 27 халқаро ташкилотдан 500 нафардан ортиқ хорижий мутахассис иштирок этди.

Анжуманнинг асосий мақсади – мавжуд транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янги транспорт йўлакларини яратиш мақсадида халқаро молиявий институтлар, ташкилотлар, шунингдек транспорт ва логистика компаниялари вакиллари билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш эди. Учрашув натижасида транспорт ва логистика хизматларини кўрсатиш жараёнида қўшма транспорт-логистика корхоналарини ташкил этиш ва рақамли технологияларни жадал жорий этишга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Минтақада янги транспорт иншоотларининг ишга туширилиши мазкур соҳада белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Жумладан, муҳандислик хусусиятлари ва геостратегик аҳамиятига кўра ноёб ҳисобланган Туркманобод-Фароб кўпригининг ишга туширилиши нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки бутун Марказий Осиё ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги назорат пунктларининг аксарияти фуқаролар учун ёпиқ эди. Шунингдек, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида қатор жиддий муаммолар мавжуд эди. Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи давомида 2017 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланди. Шунингдек, 2018 йил 9 март куни Ўзбекистон Тожикистон билан чегараларни делимитация ва демаркация қилиш борасида шартномасини имзолади.

Ушбу муҳим ҳужжатларнинг амалга тадбиқ этилиши натижасида, қўшни мамлакатлар билан чегара пунктларида барча чекловлар олиб ташланди. Қирғизистон ва Тожикистон билан имзоланган чегараларни делимитация ва демаркация қилиш шартномалари мамлакатимизга иқтисодий ҳамкорликни ва трансчегаравий савдони ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва, энг муҳими, чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитларни яратади. Жумладан, агар беш йил олдин Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини кунига 200-300 киши кесиб ўтган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 30 мингдан ошди. Тожикистон билан шартнома имзолангандан сўнг, илгари ёпиқ бўлган барча 17 чегара ўтказиш пункти тўлиқ ишлай бошлади. Бугунги кунда Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини кунига 20 минг фуқаро кесиб ўтмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим ўрнатилгани икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик очиқлик ва дўстона қўшничилик алоқаларига таянишидан далолат беради.

Ўзбекистон Президентининг очиқ ва конструктив сиёсати туфайли Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегараларини бир-бирига туташ ҳудуди масаласида муросага эришилди. Тегишли шартнома 2017 йил ноябрь ойида Самарқандда Марказий Осиё бўйича юқори даражадаги халқаро анжуман доирасида имзоланди.

Минтақавий ҳамкорликнинг яна бир стратегик муҳим йўналиши – савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдир. Ўзбекистон ташаббуси билан 2018 йил 15 март куни пойтахтимизда минтақа мамлакатлари Бош вазирлари ўринбосарлари иштирокида Марказий Осиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Форумда 200 дан ортиқ давлат идоралари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Форум иштирокчилари инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий савдони рағбатлантириш, шунингдек сайёҳлик жозибадорлигини ошириш, транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш муаммоларини муҳокама қилдилар. Учрашувлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 35 фоиздан кўпроққа ўсгани ва 12,2 миллиард долларни ташкил қилгани, аммо мамлакатлар минтақадаги иқтисодий салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётганлиги таъкидланди.

?нвестицион муҳитни яхшилаш ва хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақа давлат раҳбарларининг ?ккинчи маслаҳат учрашувида Марказий Осиё мамлакатлари учун инвестиция форумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Шу билан бирга, Президентнинг ҳар йилги мурожаатида экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, Орол муаммолари ва экологик муҳит бузилишининг оқибатлари алоҳида таъкидланади. Мазкур муаммоларни ҳал этиш ва Орол денгизи аҳоли турмуш тарзига салбий оқибатларини олдини олишга қаратилган Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани мақсадга мувофиқдир, унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш масалалари ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош ассамблеясининг 72 сессиясида илгари сурилган ташаббусининг амалий тадбиқи сифатида Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича БМТнинг кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси ташкил этилди. Мазкур жамғарманинг тақдимоти 2018 йил 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ бош қароргоҳида бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари 2018 йил 24 январь куни Олий Мажлис депутатлари олдида сўзлаган нутқида фонд фаолиятининг нақадар муҳим эканини яна бир бор таъкидлади. 2019 йил октябрь ойида Орол муаммоларини ҳал этишга бағишлаб Нукус шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда Президентимиз томонидан Оролбўйини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ва БМТ Бош ассамблеясининг махсус ресолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди. Ҳозирда ушбу ташаббусни амалга ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Маданий ва гуманитар ҳамкорлик Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Минтақа мамлакатлари умумий тарих ва якдил маданиятга эга. Уларнинг бир-бирига улашиб кетган ўхшаш урф-одатлари, қадриятлари ва ягона дини бор. Шу боис, Ўзбекистон маданий ва яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, минтақа давлат раҳбарларининг ?ккинчи маслаҳат учрашувида Шавкат Мирзиёев университет форумлари ва минтақавий спорт ўйинларини ўтказиш, шунингдек, фан, маданият ва санъат соҳасидаги улкан ютуқлари учун Марказий Осиё мукофотини таъсис этишни таклиф қилди. “Биз ҳар йили Наврўз арафасида ҳар бир мамлакатда навбатма-навбат Марказий Осиё маданияти кунларини ташкил этишни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Буларнинг барчаси қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга имкон беради”, деб таъкидлади Президентимиз.

Ушбу ташаббуснинг амалий тадбиқи сифатида 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилинди. Унинг доирасида 80 дан ортиқ маданий ва спорт тадбири, кино кунлари ва турли фестиваллар ўтказилди. 2019 йил эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлди ва унинг доирасида кўплаб маданий тадбирлар ташкил этилди. Бу мамлакатлар ўртасидаги маданий мулоқотнинг юқори даражасини кўрсатади.

Минтақа давлат раҳбарларининг ?ккинчи маслаҳат учрашуви музокаралари давомида Ўзбекистон раҳбари халқаро сайёҳлик конференциясини ўтказиш ва Марказий Осиёда ягона сайёҳлик брендини яратиш ташаббусини ҳам илгари сурди.

Минтақанинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун Марказий Осиё мамлакатларида Silk Road (?пак йўли) виза тартибини жорий этиш режалаштирилган. Ушбу режим умумий визани назарда тутади ва чет эл фуқароларига бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёнинг бир нечта мамлакатларига тўсиқларсиз боришга имкон беради. Ушбу ташаббус сайёҳларнинг Марказий Осиё мамлакатларига саёҳат қилишини енгиллаштириш учун илгари сурилган. Лойиҳада Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари Туркия ва Озарбойжон ҳам қатнашиши режалаштирилган.

Президентимизнинг бу борадаги ташаббуслари нафақат минтақада, балки халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, 2019 йил декабрь ойида БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан “Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва барқарор туризм” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, хулоса қилиб, шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси ўз ташаббуслари билан нафақат мамлакатни, балки бутун минтақани ривожлантириш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек: «Бизнинг бош мақсадимиз – умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат».

Марказий Осиё мамлакатларининг барча соҳаларда тенг ҳуқуқли шериклик ва ҳамжиҳатлик асосида ҳамкорлиги минтақа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуслари, фаол ва прагматик дипломатия ҳамда ташқи сиёсат туфайли бугунги кунда Марказий Осийода мутлақо янги, конструктив сиёсий муҳит вужудга келди ва трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларини кесиб ўтиш, трансчегаравий савдони ривожлантириш каби энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун қулай шароитлар яратилди.

Буларнинг барчасини Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида кейинги уч йил мобайнида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган яқин ва ўзаро манфаатли қўшничилик алоқаларини ривожланиш борасидаги изчил ташқи сиёсатнинг ҳосиласи ҳамда мустақил ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи, деб айтиш мумкин.

Садоқат ?бодова,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Халқаро муносабатлар факультети

2 курс талабаси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net