Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида Халқаро меҳнат ташкилоти делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

05.02.2020 10:21

ТОШКЕНТ, 5 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) делегацияси билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати хабарига асосланиб.

ХМТ вакиллари мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ислоҳ қилиш, камбағалликни камайтириш дастурини қабул қилиш, ғалла ва пахта етиштириш бўйича давлат буюртмасини бекор қилиш, аҳолининг олий таълимда қамраб олинишини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларга ёрдам бериш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар, давом эттириладиган ислоҳотлар билан таништирилди.

Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури ижроси доирасида Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ХМТ билан ҳамкорликда халқаро меҳнат меъёрларини амалиётга жорий этишга мўлжалланган фаолияти ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистонда ХМТ конвенцияларини амалга ошириш бўйича тизимли равишда миллий ҳаракатлар режаси амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда қабул қилинган "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқишда халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва ривожланган давлатлар тажрибаси ҳисобга олингани таъкидланди.

Суҳбатда, шунингдек, мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш масаласи долзарб экани билдирилди.

Ўз навбатида, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Хайнц Коллер Ўзбекистон билан ХМТ ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ишонч даражаси юқори эканини таъкидлади. Мамлакатимизга ташрифдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таклифларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг 2021-2024 йилларга мўлжалланган янги муносиб иш кун тартиби дастурини тайёрлаш эканини қайд этди.

Музокаралар якунида томонлар меҳнат фаолиятининг барча йўналишларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net