Ўзбекистон Бокудаги элчихонасида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танлови ғолибига мукофот топширилди

03.12.2020 11:57

БОКУ, 3 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Бокудаги элчихонасида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танловининг ўзбек тилининг хориждаги тарғиботи йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган озарбайжонлик шоир ва публицист, «?смайилли» газетаси бош муҳаррири Шаҳмаммад Солтанов—Дағларўғлуга мазкур мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан Республика маънавият ва маърифат маркази, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилган «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» танловининг давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, халқаро мавқеини мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида  маълумот берилди.

Шаҳмаммад Дағларуғлу ўз сўзида Ўзбекистон раҳбарияти ва халқаро танлов ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, ўзбек миллати ва адабиётига  меҳри баландлигини таъкидлади:

— Бугун ҳаётимнинг унутилмас қувончли кунларидан бири бўлди, деб ҳисоблайман. Жаннатмакон юртингиз мен учун жуда қадрли. Чунки Ўзбекистон халқининг бой мероси, кечаги ва бугунги адабиёти мени ҳар доим ҳайратлантириб келган. Ўзбек тилини  ўзимга жуда яқин қабул қиламан. Мен ҳар доим атрофдагиларимга ўзбек халқидан кўп нарсаларни ўрганишиз керак, деб айтаман. Бизнинг ўзаро маданий алоқаларимиз қанчалик  яқин ва мустаҳкам бўлса, адабий ҳаётимиз шунчалик гўзал бўлади.

Бугун Ўзбекистон элчихонада «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» халқаро танлови ғалиби сифатида мени тақдирлашди. Бу фақат менга эмас, балки ўзбек ва озар халқи ҳамкорлигига берилган мукофотдир. Мен бир неча йиллардан буён ўзбек адабиёти ва шеърияти намуналарини озар тилига таржима қилиб келаман.

Ўзбекистон раҳбарияти ва республикадаги дўстларимга раҳмат айтмоқчиман. Чунки улар менинг камтарона меҳнатимга алоҳида  эътибор қаратди. Ушбу мукофот келажакда Ўзбекистон ва Озарбайжон алоқаларини мустаҳкамлашга ва  янада юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net