Туркиялик инвесторлар Учқўрғонда 750 дан зиёд таҳлил ўтказиш имконига эга диагностика марказини қурмоқда

11.03.2020 16:33

НАМАНГАН, 11 март. /«Дунё» АА/. Наманган вилояти ҳокимлигида Туркиянинг «Kanimed Sağlık Çözümleri A.Ş» компанияси раҳбарлари Филиз Эрдоған Марашлиоғлу ва Камуран Aмасяли билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вилоят ҳокимлиги манбасига таяниб.

Учрашувда Учқўрғон туманида барпо этилаётган замонавий диагностика маркази лойиҳасини амалга оширишдаги ишлар хусусида сўз борди.

“Марказ 7,3 миллион AҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан қурилмоқда. Замонавий диагностика маркази энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозланган, халқаро CAP сертификатига эга Марказий Осиёдаги ягона тиббиёт муассасаси бўлади”, дея қайд этган Филиз Эрдоған Марашлиоғлу.

Диагностика марказида 750 дан зиёд турдаги таҳлилларни амалга ошириш имконияти яратилади. Вилоят туманларида ҳамда Наманган шаҳрида ишга тушириладиган таҳлил йиғиш нуқталари орқали бир куннинг ичида таҳлил натижалари аниқланиб, телеграм орқали мижозларга етказиб берилади.

Учрашувда диагностика марказида фаолият олиб борадиган маҳаллий мутахассислар учун Туркияда малака ошириш курсларининг ташкил этилиши таъкидланди.

Учқўрғон туманида барпо этиладиган мазкур диагностика марказини 2020 йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net