Туркияда «Ўзбекча-туркча луғат» нашрга тайёрланди

19.08.2020 18:07

АНҚАРА, 19 август. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизда давлат тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб этишга қаратилган қатор муҳим чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ўзбек тилининг хориждаги ихлосмандлари томонидан ҳам катта қизиқиш билан қарши олинмоқда. Хусусан, қардош Туркияда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш янада ортди ва маҳаллий тилшунослар фаолияти сезиларли фаоллашди.

«Дунё» ахборот агентлигининг Анқарадаги мухбири маълумотига кўра, Туркиянинг Башкент университети Туркий тиллар ва адабиёт кафедраси катта ўқитувчиси Гулшаҳ Туғлачи иштирокида ўзбек тилининг халқаро тилшуносликдаги ўрни ва унинг мавқеини ошириш ҳақида давра суҳбати ташкил этилди.

Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, онлайн шаклда ўтказилган тадбирда маърузачи 2018 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида тадқиқотчи сифатида олиб борган илмий изланишлари тўғрисида сўзлаб берди.

Гулшаҳ Туғлачи Туркияда нашрга тайёрлаган «Ўзбекча-туркча луғат»нинг ишлаб чиқилиши, бу жараёнда қўлланилган методологик услублар ҳақида ҳам муҳим маълумотларни тақдим этди. Бу йўналишдаги ишларни давом эттириш лозимлиги таъкидланиб, туркиялик адабиётшунослар, ўзбекистонлик туркийшунос олимлар билан ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб боришга тайёр экани тасдиқланди.

Онлайн анжуманда, шунингдек, ўзбек тилининг давлат тили мақомида ривожланиши, бу борада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва бугунги кунги тенденциялар бўйича фикр алмашилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 12 декабрда тасдиқланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури» вебинар иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Самимий мулоқот, илмий-услубий маърузалар шаклида ўтган вебинар натижалари иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. Анжуман якунида бу каби учрашувларни давом эттиришга келишилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net