Тошкентда анъанавий табобат маркази очилиши Хитой нашрларида кенг ёритилди

18.06.2020 12:47

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 15 июнь куни мамлакатимиз пойтахтида Ўзбекистон – Хитой анъанавий табобат марказининг очилиши бўлиб ўтган эди. Марказнинг очилиши нафақат мамлакатимиз, балки ХХР оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Жумладан, Хитойнинг етакчи нашрларидан бири “Жэньминь Жибао” газетасининг интернет тармоғидаги веб-саҳифасида эълон қилинган мақолада мазкур марказининг очилишига бағишлаб ташкил қилинган видеоконференция тафсилотлари келтирилади.

Мақолада қайд этилишича, тадбирда Хитой томонидан Цзянси анъанавий Хитой табобати университети партия қўмитаси котиби, «Бэчжун ?линь» компанияси раҳбарияти, «China Machinery Engineering Corporation» компанияси бошқаруви раиси ва бошқа расмий шахслар қатнашган.

“Жэньминь Жибао” нашри муштарийлар эътиборини тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари билдирилган фикрларга қаратади.

“Элчи ушбу марказнинг очилиши Марказий Осиёда анъанавий тиббиёт соҳасида энг йирик биринчи қўшма лойиҳа эканини таъкидлаб, марказ тадқиқот ва даволашнинг кенг қамровли усулларини қўллаган ҳолда аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишига ишонч билдирди. ?стиқболда анъанавий, халқ ва замонавий тиббиёт, шунингдек, фармацевтика соҳасида Ўзбекистон билан Хитой мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлишини қайд этди”, дейилади хабарда.

Мақолада ушбу марказ очилиши тарихий воқеа экани алоҳида таъкидланади. Беморларни даволаш, профилактика ва реабилитация қилишга ихтисослашган марказ мажмуавий тиббий ташкилотлиги эслатиб ўтилади.

Тошкентда Ўзбекистон – Хитой анъанавий табобат марказининг очилиши ҳақидаги ахборот материаллари Чин мамлакатининг “Синьхуа” ахборот агентлиги, “Хитой” марказий радиоси ва бошқа қатор етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Бугунги кунда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ҳамкорлик икки мамлакат шериклигининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил апрель ойида қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида етакчи мамлакатлар, жумладан, Хитойнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибасини ўрганиш муҳим йўналишлардан бири экани қайд этилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net