Ташқи ишлар вазирлигида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби тақдимоти ўтказилди

09.12.2020 13:17

ТОШКЕНТ, 9 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмасига асосан «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган 5 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» ва «Давлат тилида иш юритиш» қўлланмасининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири А.Қирғизбоев, адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди З.?сомиддинов, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ш.Асадов, шунингдек, вазирлик таркибий бўлинмалари ходимлари иштирок этди.

Анжуман иштирокчилари «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг  она тилимиз ривожи, миллат келажаги ва ёшларимиз маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.

2006—2008 йиллар Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг  бир гуруҳ луғатшунослари томонидан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» яратилган ва нашр этилган эди. Она тилимиз таркибида юз берган ўзгаришлар муносабати билан давр талабига жавоб берадиган янги изоҳли луғат яратилгани таъкидланди. 

Мутахассислар ва кенг ўқувчилар оммасининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2020 йил ушбу изоҳли луғат Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти буюртмасига асосан фалсафа фанлари номзоди  Абдуваҳоб Мадвалиев таҳрири остида қайта нашр этилди.

Луғатда ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмалари, фан, санъат, маданият ва техника соҳаларига оид терминлар, шеваларда қўлланадиган сўзлар, тарихий атамалар жамланган.

Анжуманда Ўзбек тилини халқаро обрўсини оширишда дипломатик ваколатхоналар томонидан олиб борилаётган ишлар эътироф этилиб, олдинда турган вазифалар ҳақида сўз юритилди.

— Давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги йилларда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда, - деди департамент мудири А.Қирғизбоев. -  Миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказиш ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини ошириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар қилинмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек тилига бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Халқаро минбарларда ўзбек тилининг янграётгани шундан далолат. Бундан ташқари хорижий давлатлардаги 65 та универтитетда  ўзбек тилини ўқиш йўлга қўйилди. Ушбу вазифаларни тадбиқ этишда Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги  элчихоналар  саъй-ҳаракатларини эътироф этиш керак. Хусусан,  «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобининг тақдимоти вазирлик кўмагида кенг миқёсда амалга оширилди. Олдинда биргаликда бажарадиган ишларимиз жуда кўп. Жумладан, келгуси йил буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоийнинг 580 йиллигини кенг нишонлаймиз. Мазкур санани халқаро жамоатчилик ва академик доиралар ўртасида муносиб ўтказишда ўзбек дипломатларининг фаол иштироки ва ёрдами зарур.

«Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобини хорижда, хусусан ўзбек диаспоралари ва ватандошларимиз орасида тарғиботи ўзбек тилининг мавқеини ошириш, чет элда яшаётган ўзбекларнинг ўз она тилини мукаммал ўрганиши ва келгуси авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан ўтган давр мобайнида «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китобини тарғиб этиш ва унинг тақдимотини ўтказиш бидан боғлиқ 50га яқин тадбир ўтказилди.

Бундан ташқари хориждаги дипломатик ваколатхоналар давлат тилини тарғиб қилиш, миллий ва халқаро миқёсдаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ижроси доирасида 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати турли анжуманлар ташкил қилди.  Шунингдек,  элчихоналар  кўмагида ўзбек адабиётининг атоқли вакилларининг сара асарлари чет тилларга таржима қилинмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

 Тадбирда  ўзбек тили мавқеини  мустаҳкалашда «Ўзбек тили дўстлари» клублари фаолиятини янада жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.  

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net