Таълимда «Times Higher Education» халқаро рейтингига кириш талаблари ўрганилмоқда

27.02.2020 11:49

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /»Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан «Times Higher Education» (THE) экспертлари иштирокида мамлакатимиз олий ўқув юртларининг халқаро университетлар рейтингига кириши бўйича амалий семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Семинарда THE компаниясининг Европа, Яқин Шарқ мамлакатлари, Россия ва Марказий Осиёда стратегик ечимлар бўйича директори Майкл Каруана, «Е-квадрат» консалтинг ва медиа компанияси директори Егор Яковлев, Урал федерал университети «Наукомедиа» лабораторияси директори Марк Акоевлар ўз тақдимотлари билан иштирок этди.

Семинар машғулотида Ўзбекистон олий таълим даргоҳларини дунё нуфузли университетлари глобал рейтинги – «Times Higher Education World University Rankings» мезонлари бўйича ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Улар фаолияти ривожланган давлатлар ва минтақанинг етакчи олий таълим муассасалари мисолида таҳлил қилинди.

Учрашувда олий таълимда рақобатбардошликни ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун «THE DataPoints» ахборот-таҳлил хизматидан фойдаланиш имкониятлари тақдим этилиши юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан “Times Higher Education” ўртасида стратегик битим имзоланган. Унга мувофиқ, халқаро рейтинг агентлиги мутахассислари маҳаллий олий ўқув юртларини халқаро университетлар рўйхатига киритишга кўмаклашади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net